Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун Қозоғистонда Республика куни
17:17 / 2024-10-25

Қозоғистонликлар бугун мамлакат тарихидаги энг муҳим саналардан бири – Республика кунини нишонламоқда. 1990 йил шу куни Қозоғистон ССР Давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилиниб, мустақиллик йўлидаги илк қадам қўйилди.

Ҳужжатда суверен ва мустақил сиёсий, ҳуқуқий асослар акс этди, биринчи марта ҳудуднинг яхлитлиги, бўлинмаслиги ва дахлсизлиги, миллий ўзликни мустаҳкамлаш, халқлар маданияти, тилини ривожлантириш каби давлатчилик тамойиллари мустаҳкамланди.

Эслатиб ўтамиз, қардош давлатда Республика куни 2001 йил давлат байрамлари рўйхатига киритилган. 2009 йил мамлакат Биринчи Президенти Фармони билан ушбу сана тегишли рўйхатдан чиқарилганди. 2022 йил амалдаги етакчи Қосим-Жомарт Тоқаев Миллий қурултой биринчи йиғилишида Республика кунини қайта тиклаш таклифини илгари сурди. Шу йил сентябрь ойида эса парламент Сенати “Қозоғистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига кинематография, маданият ва байрамлар масаласи бўйича ўзгариш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунга ўзгариш киритди.

Натижада 25 октябрь – Республика куни умумхалқ байрами, 16 декабрь – Мустақиллик санаси дам олиш куни этиб белгиланди.

М.Пирматова, ЎзА