Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун “Пахтакор”нинг плей-офф босқичидаги рақиби аниқ бўлади
12:07 / 2025-02-18

Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи сўнгги, 8-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Турнинг илк учрашуви Тошкент шаҳридаги "ЖАР" стадионида ўтказилди. “Пахтакор” – “Ал-Садд” клублари ўртасидаги ўйинда пойтахтимиз клуби 2:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, мазкур турда “Ал-Шорта” – “Ал-Айн” 2:0, “Персеполис” – “Ал-Наср” 0:0, “Ал-Аҳли” – “Ал-Гарафа” 4:2 ҳисоблари қайд этилди.

Бугун, 18 февраль куни лиганинг 8-тури доирасида икки учрашув бўлиб ўтади. Унда “Ал-Райян” – “Истиқлол”, “Ал-Ҳилол” – “Ал-Васл” клублари ўзаро рақобатлашади.  

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, кечаги учрашувлардаги қайд этилган натижадан сўнг “Пахтакор“ мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Пахтакор“ 7 очко билан 7-ўриндан жой олди. Бугун “Истиқлол“ сафарда “Ал Райян“ устидан ғалаба қозонса, “Пахтакор“ саккизинчи ўринни эгаллайди. Эронликлар дуранг ёки мағлубият қайд этадиган бўлса, “Пахтакор“ еттинчи ўрин билан плей-офф босқичига йўл олади.  

Элит ОЧЛ регламентига кўра, ғарб минтақасида 1-ўринни эгаллаган жамоа шу минтақадаги 8-ўрин, 2-ўринни эгаллаган жамоа эса 7-ўрин эгаси билан баҳс олиб боради. Ҳозирда мусобақа жадвалининг энг юқори иккита ўрнини "Ал-Ҳилол" ва “Ал-Аҳли" клублари эгаллаб турибди. Шундан келиб чиқиб, "Пахтакор" 7 ёки 8-ўрин билан плей-оффга йўл олса, пойтахтимиз клубининг навбатдаги босқичдаги рақиби "Ал-Ҳилол" ёки "Ал-Аҳли" бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ОФК қарорига кўра, лиганинг плей-офф босқичидаги илк ўйин жадвалда пастроқ ўринни эгаллаган жамоа майдонида ўтади. Аниқроғи, “Пахтакор“ ушбу босқичдаги биринчи учрашувни ўз уйида ўтказади. 1/16 финалнинг илк учрашувлари эса 3-4 март кунига белгиланган.  

Маълумот ўрнида: “Пахтакор” Элит Осиё чемпионлар лигасидаги иштироки учун — 800 минг, ҳар бир учрашувдаги ғалаба учун — 100 минг, плей-офф йўлланмасини қўлга киритгани учун — 200 минг, жами 1,1 миллион АҚШ доллари ишлаб олди.  

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА