Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун Ўзбекистонда туризм қанчалик ривожланмоқда?
16:07 / 2026-03-03

Бугунги глобаллашув даврида туризм нафақат саёҳат, балки давлат иқтисодиётини моддий рағбатлантира оладиган муҳим бир манба. Бугунги кунда Ўзбекистон бой тарихий мероси, очиқ сиёсати ва янги инфратузилма лойиҳалари орқали халқаро сайёҳлар эътиборини тобора кўпроқ жалб этмоқда.

Хўш, мамлакатимизда туризм йўналишида қандай янги имкониятлар пайдо бўлди? Пандемия даври туризм соҳасига қандай бурилиш ясади? Дунё бугун бизни ушбу йўналишда қандай эътироф этмоқда?

Бугунги кунда Ўзбекистон очиқ сиёсати орқали халқаро сайёҳлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Визасиз режимнинг 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун амал қилиши, янги меҳмонхоналар, аэропорт ва транспорт хизматларининг кенгайиши туризм оқимининг кескин ошишига хизмат қилмоқда. 

Сайёҳлар оқими таҳлили

2025 йил январидан ноябргача Ўзбекистонга 10,7 миллион хорижий фуқаро сайёҳлик мақсадида ташриф буюрган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу кўрсаткич биринчи марта 10 миллионлик чегарадан ошиб, кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан хорижий сайёҳлар сони 3,5 миллион кишига ошди. Ўсиш 47,4 фоизни ташкил этди, бу эса Ўзбекистонга сайёҳлик йўналиши сифатида қизиқишнинг сезиларли даражада ошганидан далолат беради. 

Сайёҳларнинг аксарияти анъанавий равишда қўшни давлатлардан келган. Қирғизистон 3 миллион сайёҳ билан рейтингда етакчилик қилган. Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар орасида Қозоғистон ва Тожикистон етакчи ўринни эгаллаб, ҳар биридан 2,5 миллион нафардан турист келган. Россиядан 923,8 минг, Афғонистондан 429,4 минг ҳамда Туркманистондан 341,4 минг сайёҳ ташриф буюргани қайд этилди. Узоқ хориж мамлакатлари орасида энг кўп туристлар Хитой (250,5 минг) ва Туркиядан (161,9 минг) келган. Шунингдек, Ҳиндистондан 73,4 минг, Корея Республикасидан эса 44,1 минг сайёҳ ташриф буюрган. 

Жаҳон туризм барометри маълумотларига кўра, 2025 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистонга туристлар оқими пандемиядан олдинги 2019 йилга нисбатан 73 фоизга ошиб, глобал ўртача ўсиш суръатидан юқори натижа қайд этди. Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳларнинг умумий портретига кўра, меҳмонларнинг асосий қисмини 31–55 ёшдаги эркак ва аёллар ташкил этади. Жорий йилда мамлакат 200 га яқин давлатдан ташриф буюрувчиларни қабул қилди. 

Ёш гуруҳлари бўйича энг катта улуш 31–55 ёшдагилар (5,4 миллиондан ортиқ) ҳиссасига тўғри келади. Улардан кейин 56 ёшдан ошганлар — 2,18 миллион, 19 – 30 ёшдагилар — 1,75 миллион ҳамда 18 ёшгача бўлганлар —1,38 миллион нафарни ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрича, туризм иқтисодиётнинг 40 дан ортиқ йўналишига ижобий таъсир кўрсатади. Хорижий сайёҳ мамлакатга келиши билан авиачипта харид қилади, меҳмонхонада яшайди, транспорт ва овқатланиш хизматларидан фойдаланади, сувенир (саёҳатдан эсдалик совғалар) ва маҳаллий маҳсулотларни сотиб олади. Бу эса хизмат кўрсатиш, банк, транспорт, савдо ва ишлаб чиқариш каби кўплаб йўналишларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Пандемия: инқирозми ёки янги имкониятлар бошланиши?

2020 йилда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси халқаро туризм тарихидаги энг оғир синовлардан бирига айланди. Чегаралар ёпилди, аэропортлар ва меҳмонхоналар фаолияти тўхтади, миллионлаб саёҳатлар бекор қилинди. Аммо пандемия нафақат инқироз, балки туризм саноати учун янги босқични ҳам бошлаб берди. Пост-пандемия даврида сайёҳларнинг талаблари тубдан ўзгарди. Эндиликда улар саломатлик хавфсизлиги, экологик тозалик, шахсий ҳудуд ва сифатли хизматларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. 

Шу билан бирга, ички туризм ҳам кескин ривожланди. Дунёнинг кўплаб давлатларида маҳаллий саёҳатлар улуши 90 фоиздан юқори даражага етди. Ўзбекистон ҳам бу жараёндан муҳим сабоқлар чиқарди. 

Пандемиядан кейин миллионлаб маҳаллий сайёҳлар мамлакатнинг тарихий ва табиий масканларини қайта кашф этди. “Ипак йўли” лойиҳалари асосида қадимий шаҳарларда янги меҳмонхоналар, аэропортлар ва маданий марказлар қурилди. Пандемия технологиялар аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Бугунги кунда Ўзбекистонда e-tourism платформаси орқали меҳмонхоналарни брон қилиш, гид хизматларини буюртма қилиш ва саёҳат маршрутларини олдиндан режалаштириш имконияти мавжуд. 

QR-кодли ахборот тизимлари сайёҳларга тарихий обидалар ҳақида тезкор маълумот олиш имконини бермоқда. Туристик шаҳарларда “Smart city” лойиҳалари жорий этилиб, рақамли навигация ва хизматлар саёҳатчилар учун қулай муҳит яратмоқда. 

Дунё Ўзбекистон ҳақида нима деяпти?

Халқаро оммавий ахборот воситалари ҳам мамлакат туризм салоҳиятига тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. 2026 йилда берилган нашриётлар хабари Ўзбекистон туризми ҳақида қувонарли фикрлар ва постлар билан бойиди. Халқимиз маданияти, меҳмондўстлиги эса алоҳида эътироф этилди. Албатта, бу юртимизга ташриф буюрувчиларнинг ижобий қарашларига, Ўзбекистон ҳақида билмайдиган кўпгина миллатларнинг қизиқишини уйғотишга асосий сабаб бўла оладиган белги. Латвиянинг миллий авиакомпанияси борт журналида “Ўзбекистонга хуш келибсиз” номли мақола чоп этилиб, мамлакатнинг тарихий шаҳарлари ва миллий ошхонаси кенг ёритилди. Шунингдек, “Euronews” нашри ипакчилик анъаналари ҳақида материал тайёрлади, “The Times Kuwait” эса Ўзбекистонни “Марказий Осиё дурдонаси” дея таърифлади.

Ўзбекистон туризми замонавий ёндашувлар ва очиқлик сиёсати орқали янги босқичга қадам қўймоқда. Пандемия даври синов бўлган бўлса, айнан шу жараён мамлакатга туризмни қайта кўриб чиқиш, рақамлаштириш ва сифат жиҳатидан янгилаш имконини берди. Натижада Ўзбекистон нафақат ўтмиш мероси билан, балки бугунги қулай шароитлари ва келажак сари интилиши билан ҳам сайёҳлар эътиборини тортаётган манзилга айланмоқда.

Меҳрибону Тўлқинова, ЎзА