Қатарда 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида давом этаётган Жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида "F", "H", "E" ва "G" гуруҳларида 1-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Жумладан, Бразилия ва Гондурас терма жамоалари баҳси 7:0 ҳисобида якунланган бўлса, Кот-д’Ивуар Швейцарияга 1:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Миср эса шу ҳисобда Гаитини енгди. Жанубий Корея термаси Мексика устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, Германия – Колумбия 1:1, Англия – Венесуэла 0:3, Индонезия – Замбия 1:3, КХДР – Сальвадор 5:0 ҳисобидаги натижалар қайд этилди.

Жаҳон чемпионатининг бугунги дастурида "I", "J", "K", "L" гуруҳларида 1-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Ўзбекистон U17 терма жамоаси "J" гуруҳида Парагвайга қарши майдонга тушади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да старт олади. Гуруҳдаги дастлабки учрашув Панама ва Ирландия термалари ўртасида соат 17:30 да бошланади.
Ўзбекистон ва Парагвай термалари баҳсини Роҳит Сагги (Норвегия) бош ҳакам сифатида бошқаради.
Қуйида бугун, 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган бошқа учрашувлар билан танишасиз:
17:30 Тожикистон — Чехия
18:30 Австрия — Саудия Арабистони
19:45 Мали — Янги Зеландия
20:15 АҚШ — Буркина-Фасо
20:45 Франция — Чили
20:45 Канада — Уганда
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА