Бугун, 22 январь куни пойтахтимизда бокс бўйича катталар ўртасида давом этаётган Ўзбекистон чемпионатининг финал жанглари бўлиб ўтади.
Эркаклар ва аёллар ўртасида 20 та вазн тоифасида мамлакатимизнинг энг кучли чарм қўлқоп усталари аниқланадиган жанглар нафақат юртимиз, балки хорижий мамлакат бокс мухлисларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бу, кўплаб давлатлардаги спорт, хусусан боксга ихтисослашган ахборот каналларида, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон чемпионатининг тафсилотлари, унинг воқеликлари кенг ёритилаётганида ўз аксини топмоқда.
Бевосита чемпионат тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, Муҳаммадқодир Абдуллаеву Карим Тўлаганов, Баҳодир Жалолов ва Дўсматовларнинг издошлари иштирокидаги ҳар бир жанг финал олдидан финал даражасида кечгани мухлису мутахассислар назаридан четда қолмади.

Чемпионат жангларини бошқарган хорижлик ва маҳаллий ҳакамларнинг адолатли ва шаффоф ҳаракати натижасида кучлилар финалга етиб келди.
Ҳудудлар кесимида олтин медалга даъвогарлар рўйхатига эътибор қаратадиган бўлсак, бу борада қизиқарли тафовутга гувоҳ бўламиз.

Масалан, 20 та вазнда ўтадиган баҳсларда Мудофаа вазирлиги жамоаси 7 та, Самарқанд вилояти 4 та, Бухоро, Наманган, Фарғона, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази жамоалари 3 тадан, Андижон, Жиззах, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Спорт академияси 2 тадан ҳамда Тошкент шаҳри, Навоий, Хоразм жамоалари 1 тадан финал чиптасига эга чиққани кучлилар ўртасидаги рақобат ҳар йилгидан ҳам ошганидан далолат бермоқда.
Чемпионатнинг саралаш баҳслари мамлакатимизда ўзбек боксининг ғалабага чанқоқ навқирон авлоди камолга етаётганини ёрқин намоён этди.
Ўзбекистон чемпионатининг янги давр финалчилари:
Эркаклар:
50 кг. Асилбек Жалилов (Бухоро) - Сардор Ҳотамов (Тошкент)
55 кг. Самандар Олимов (Мудофаа вазирлиги) - Шаҳзод Музаффаров (Бухоро)
60 кг. Абдураҳмон Маҳмуджонов (Спорт академияси) - Дилшод Абдумуродов (Сурхондарё)
65 кг. Атҳам Муҳиддинов (Тошкент вилояти) - Абдуллоҳ Мадаминов (Мудофаа вазирлиги)
70 кг. Иқболжон Холдоров(Андижон)- Ҳавасбек Асадуллаев (РОПС)
75 кг. Жавоҳир Абдураҳимов (Мудофаа вазирлиги) - Самандар Ҳабибуллаев (РОПС)
80 кг. Раҳматилло Бойматов (Наманган) - Руслан Эсонов (Мудофаа вазирлиги)
85 кг. Жасурбек Йўлдошев (РОПС) - Нусрат Тоҳиров (Мудофаа вазирлиги)
90 кг. Мадиёр Саидраҳимов (Мудофаа вазирлиги) - Шаҳзод Полвонов(Тошкент вилояти)
+90 кг. Жаҳонгир Зокиров (Жиззах) - Озодбек Алиев (Мудофаа вазирлиги)
Аёллар:
48 кг. Фарзона Фозилова (Бухоро) - Сабина Бобоқулова (Наманган)
51 кг. Феруза Казакова (Фарғона) - Гулсевар Ғаниева (Самарқанд)
54 кг. Нигина Ўктамова (Самарқанд) - Робия Равшанова (Навоий)
57 кг. Хуморабону Мамажонова (Фарғона) - Раҳима Бекниязова (Қорақалпоғистон Республикаси)
60 кг. Ситора Турдибекова (Самарқанд) - Севара Маматова (Самарқанд)
65 кг. Навбахор Ҳамидова (Фарғона) - Дилфуза Бекова (Сурхондарё)
70 кг. Мафтуна Янгиева (Спорт академияси) - Азиза Зокирова (Жиззах)
75 кг. Мавлуда Мавлонова (Фарғона)- Айсанем Саруарова (Қорақалпоғистон Республикаси)
80 кг. Рухшона Парпиева (Спорт академияси) - Диёрахон Абдуманнопова (Наманган)
+80 кг. Олтиной Сотимбоева (Хоразм) - Собирахон Шаҳобиддинова (Андижон)
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА