28 май куни Озарбайжон халқи анъанавий равишда Озарбайжон Демократик Республикаси (ОДР) ташкил этилганининг 104 йиллигини кенг нишонлайди.
1918 йилнинг шу кунида мустақиллик тўғрисида Декларация қабул қилиниб, илк бор Шарқда мустақил, дунёвий ва демократик Озарбайжон Республикаси эълон қилинган. ОДР дипломатлари саъй-ҳаракати билан 1919 йил Женевада бўлиб ўтган Миллатлар Лигаси тинчлик конференциясида ушбу давлатнинг мустақиллиги тан олинди. Ўша йил апрель ойига келиб Боку шаҳрида йигирмадан зиёд дипломатик миссия аккредитация қилинган.
Демократик республика узоқ яшамади, атиги 23 ой турди. Шу қисқа муддатда ҳам кўп иш қилиниди. Кўп партиявийлик асосида биринчи Парламент шакллантирилди, ҳукумат тузилди, чегаралар белгиланди, мамлакат байроғи, гимни ва рамзи (герби) қабул қилинди, Озар тили давлат тили, деб эълон қилинди, давлатчилик қуриш йўлида жиддий саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Мамлакатнинг миллий хавфсизлиги таъминланди, қисқа муддатда жанговар армия ташкил этилди, миллий талабга ва демократик тамойилга жавоб берадиган давлат органлари шакллантирилди, 200 дан зиёд қонун қабул қилинди, аёлларга сайлаш ҳуқуқи берилди, Озарбайжон тарихида биринчи университет таъсис этилди.
Орадан етмиш йил ўтиб, яъни 1991 йил 18 октябрда Озарбайжон қонунчилик органи томонидан давлат мустақиллигини тиклаш тўғрисида Конституцион акт қабул қилинди. Умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев ташаббуси билан Озарбайжон Демократик Республикасининг барча давлатчилик белгилари қайта тикланди ва бугунги Озарбайжон ОДРнинг қонуний меросхўрига айланди.
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбайжон Республикаси ўртасида дипломатик муносабат 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган. 1996 йил август ойида мамлакатимизда Озарбайжон элчихонаси очилди.
Жанубий Кавказда геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамияти ортиб бораётган Озарбайжон Ўзбекистоннинг асосий шериклари қаторига киради. Иккала мамлакатнинг ҳам минтақавий ва халқаро масалаларда тутган позицияси ўхшаш. Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этган эди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевни Президент Илҳом Алиев алоҳида табриклаб, бу ташкилотга аъзолик икки томонлама муносабатни, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар шерикликни янада мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашини қайд этди. Давлатимиз раҳбари кўп асрлик дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон – Озарбайжон алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилишларимиз қатъий эканини тасдиқлади.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА