Осиё қитъасида “ЖЧ-2026” саралашининг 4-босқич учрашувлари бугун, 14 октябрь куни ўз якунига етади ва мундиалга йўл оладиган яна икки терма жамоаси номи аниқ бўлади.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Жаҳон чемпионати саралаши 4-босқич учрашувларининг "A" гуруҳида Қатар ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси билан, "B" гуруҳи мезбони бўлган Саудия Арабистони эса Ироқ терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Айни дамда, БАА ўз гуруҳида 3 очко билан турнир жадвалини бошқариб бораётган бўлса, Қатар ва Ўмон ҳисобида 1 очкодан бор, аммо Ўмон ушбу натижага икки ўйинда эришгани боис, гуруҳнинг сўнгги ўрнидан жой олди. "Б" гуруҳида эса Саудия Арабистони ва Ироқ терма жамоалари бир хил 3 очкодан тўплаган бўлса Индонезия ўтган икки турда мағлубиятга учраб очкосиз қолди.
4-босқич якунига кўра, гуруҳ ғолиблари 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритади. Гуруҳнинг иккинчи ўрнидан жой олган термалар 13 ва 18 ноябрь кунлари плей-офф босқичига чиқиш учун икки ўйинли беллашувда иштирок этади. Ғолиб ФИФА плей-офф турнирига йўл олади.
Шу боис ҳам “А” гуруҳида Қатарни фақат ғалаба қаноатлантиради. БАА учун дуранг натижа кифоя. “Б” гуруҳида эса Саудия Арабистони ва Ироқ тўқнашуви ғолиби тўғридан-тўғри мундиалга йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА