Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун Олимпия терма жамоамиз сўнгги тур учрашувини ўтказади
09:30 / 2024-07-30

Бугун, 30 июль куни XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг эркаклар ўртасидаги футбол баҳсларида гуруҳ босқичининг учинчи тур учрашувлари ўтказилади ва мусобақанинг чорак финалида иштирок этадиган терма жамоалар номи аниқ бўлади.

«А» гуруҳида иккинчи тур якунларига кўра Франция олимпия терма жамоаси 6 очко жамғарган ҳолда гуруҳда биринчи поғонада турибди ва ушбу жамоа муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. АҚШ ва Янги Зеландия эса 3 очко билан гуруҳнинг иккинчи ва учинчи ўринларида бораётган бўлса, Гвинея очкосиз сўнгги поғонада бормоқда. Бугун, 3-турда Франция – Янги Зеландия, АҚШ – Гвинея олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйинга гувоҳ бўламиз.   

«В» гуруҳида қизиқарли ҳолат юз бермоқда. Бу гуруҳдан ўрин олган жамоаларнинг барчасида 3 очко мавжуд ва улар плей-оффга чиқиш имкониятини бир хил сақлаб турибди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Аргентина – Украина, Ироқ – Марокаш термалари ўзаро рақобатлашади. Ушбу баҳслар ғолиби навбатдаги босқичга йўл олади. Агарда жамоалар дуранг қайд этса, голлар нисбатига кўра, ўринлар аниқланади.   

Афсуски, «С» гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон терма жамоаси учун бугунги учрашувнинг аҳамияти йўқ ва бу гуруҳда чорак финалчилар номи деярли ҳал бўлган. Жумладан, учинчи тур олдидан гуруҳда Испания 6 очко билан биринчи поғонани мустаҳкамлаб, плей-офф босқичига чиққан бўлса, Миср 4 очко жамғариб, иккинчи ўринга кўтарилиб олди. Доминикан Республикаси 1 очко эвазига учинчи бўлиб турибди. Тимур Кападзе шогирдлари эса икки мағлубиятдан сўнг 4-ўринда қолган. 

Бу гуруҳда Ўзбекистон – Доминикан Республикаси, Испания – Миср термалари ўртасида учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади. Қизиғи шундаки, ушбу баҳсларда қайд этиладиган натижаларнинг Испания ва Ўзбекистон учун аҳамияти йўқ. Аммо Миср мағлуб бўлиб, Доминикан Республикаси йирик ҳисобда ғалаба қозонса, мисрликлар гуруҳ босқичида қолиб кетади.   

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Доминикан Республикасига қарши ўйинда тўлиқ кўк либосда майдонга тушади. Учрашувни суданлик бош ҳакам Исмоил Маҳмуд бошқариб боради. Унга қанотларда Элвис Ноупу (Камерун) ва Аҳмад Либан ёрдам беради. Баҳс мамлакатимиз вақти билан соат 18:00 да «Парк де Пренс» стадионида бошланади.  

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси аъзоси Остон Ўрунов Мисрга қарши ўйинда кичик жароҳат туфайли захирага олинган эди. Текширувлар натижасида футболчимиз Доминикан Республикасига қарши 3-тур ўйинига қадар жароҳатидан тўлиқ тиклана олмаслиги маълум бўлди.   

ЎФА Остон Ўрунов ўрнига қайдномага захирадан футболчи жалб этиш бўйича ташкилий қўмитага сўров юборди.   

«D» гуруҳида Япония икки турда 6 очкога эга бўлиб, муддатидан аввал чорак финал йўлланмасини ҳал қилди. Парагвай эса 3 очко билан иккинчи ўринга кўтарилди. Шунингдек, иккинчи турдан сўнг Мали ва Исроил 1 очко тўплаб, гуруҳ жадвалининг 3-4-поғоналарига жойлашди.   

Бугун, гуруҳнинг сўнгги турида Исроил чорак финалга чиқиш учун Японияни мағлуб этиши керак бўлади. Мали эса Парагвайни йирикроқ ҳисобда таслим этишни уддаласа, чорак финал босқичига чиқиш имкониятига эга бўлади. Аммо, Парагвайни дуранг ҳам қаноатлантиради.   

Шу тариқа, гуруҳ босқичининг учинчи тури қизиқарли учрашувларга бой ўтади.  

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА