Нидерландия – Ғарбий Европада, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган давлат. Пойтахти – Амстердам. Ҳукумат қароргоҳи Гаага шаҳрида жойлашган. Маъмурий жиҳатдан 12 музофотга бўлинади. Антиль ва Аруба ороллари ҳам Нидерландияга қарашли.
Нидерландия Қироллиги 1945 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами – 30 апрелда нишонланадиган Қиролича кунидир. Нидерландия 1991 йил 31 декабрда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олган ва 1992 йил 24 ноябрда икки давлат ўртасида дипломатия муносабати ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Нидерландия алоқалари парламентлар ўртасида, иқтисодиёт ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро манфаатли интилишга асосланган. Мулоқотни ривожлантириш устида фаол иш олиб бораётган томонлар муносабатларни янада мустаҳкамлаш имконияти кенг эканини қайд этмоқда.
Қароргоҳи Брюсселда жойлашган Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ғайрат Фозилов Нидерландия қироли Виллем-Александрга ишонч ёрлиғини топширган маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Қирол Нидерландия ва Ўзбекистон шериклиги жадаллашаётганини мамнуният билан қайд этиб, турли даражадаги мунтазам сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар фаоллашганига алоҳида эътибор қаратди.
Нидерландиянинг мазкур тармоқлардаги бой тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, илғор технология ва инновация соҳаларида ўзаро манфаатли алоқалар кўламини кенгайтириш мавзуси кўтарилди.
Айни пайт ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида “яшил” иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги, сертификатлаштириш, ҳуқуқий ёрдам каби истиқболли соҳаларда икки томонлама халқаро шартнома ва ҳужжатлар тузишнинг амалий аҳамияти эътибор марказида.
Ўтган йил Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Нидерландия Қироллиги ўртасида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашув чоғида ўзаро муносабатнинг устувор йўналишлари яна бир бор кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, турли соҳалардаги мавжуд салмоқли салоҳиятни рўёбга чиқариш, парламентлараро алоқани ривожлантириш, маданий-гуманитар шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек етакчи фан ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Музокара кун тартибидан тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масаласи ҳам ўрин олди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма лойиҳалар амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.
Турли даражада, жумладан “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шаклидаги бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон – Нидерландия ҳамкорлигининг устувор йўналиши ҳисобланган қишлоқ хўжалигида иккала мамлакат бой анъаналарга эга. Ҳукуматлар биргаликда юртимизда деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантиришга ҳисса қўшиши мумкин.
Айни пайт кўҳна қитъанинг ушбу давлатидан диёримизга картошка уруғи олиб келиш йўлга қўйилган. Етказиб беришнинг умумий ҳажми 6 000 тоннани ташкил этади. Ушбу саъй-ҳаракат Президентимизнинг уруғчиликни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилашга қаратилган фармони доирасида амалга оширилмоқда. Ҳужжатда уруғни ихтисослашган картошка хўжаликларига қўшимча тўловсиз етказиб бериш кўзда тутилган.
Мазкур чора мамлакатда етиштириладиган картошка нархига ижобий таъсир кўрсатиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА