Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун мулоқот ва тараққиёт учун жаҳон маданий хилма-хиллик куни
09:22 / 2024-05-21

2001 йилда ЮНЕСКО Маданий хилма-хиллик тўғрисидаги умумжаҳон декларациясини қабул қилди. 2002 йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг 57/249-резолюциясида 21 майни “Мулоқот ва тараққиёт учун жаҳон маданий хилма-хиллик куни” деб эълон қилди.

2003 йил 21 май куни биринчи марта мулоқот ва тараққиёт учун жаҳон маданий хилма-хиллик куни нишонланди.

Худди шу ҳужжатда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча аъзо давлатларни, ҳукуматлараро органларни ва тегишли ноҳукумат ташкилотларни, жумладан, жамоатчиликни маданий хилма-хилликнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тўғрисида маълумот беришга, таълим, ОАВ орқали маданий хилма-хилликнинг ижобий ролини рағбатлантиришга ундади.   

Бугунги глобаллашув замонида маданиятга турли омиллар таҳдид солмоқда, дейиш мумкин. Тараққиёт таъсири остида айрим мамлакатларнинг тили йўқолиб бормоқда, урф-одатлари унутилмоқда, ҳатто бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида турган ўлкалар ҳам йўқ эмас. Шу сабабли маданий хилма-хилликнинг кескин қисқариши хавфи жуда жиддий ва маданий меросни келажак авлодлар учун сақлаш муаммоси долзарбдир. 

Бу фактларнинг барчаси ЮНЕСКОнинг Маданий хилма-хиллик тўғрисидаги Умумжаҳон декларациясининг қабул қилинишига туртки бўлди. Харакатлар режаси хилма-хиллик, мулоқот ва ривожланиш ўртасидаги муносабатларни янгича тушунишни таклиф қилади.  Бу бизга инсониятнинг маданий ресурсларини ҳисобга олиш ва оптималлаштириш имконини беради. 

Ушбу декларацияни қабул қилиш орқали ЮНЕСКОга аъзо давлатлар маҳаллий, миллий ва халқаро даражада маданий хилма-хилликнинг афзалликларини тан олиш, ҳимоя қилиш ва фаол тарғиб қилиш мажбуриятини олди. 

Маданий хилма-хиллик нафақат иқтисодий ўсиш нуқтаи назаридан, балки интеллектуал, ахлоқий ва маънавий ҳаёт воситаси сифатида ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. 

Бугунги кунда ушбу байрам дунёнинг кўплаб давлатларида нишонланади ва бу инсониятга маданий хилма-хиллик қадриятларини яхшироқ тушуниш, халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради. 

Муҳаррама Пирматова тайёрлади, ЎзА