Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун мангу қўшиғимиз муаллифи туғилган кун
18:43 / 2020-05-05

Устоз бастакор ижодий кечаси мусиқа ихлосмандлари билан лиқ тўла эди ўшанда.


ЎзАга ишга келган дастлабки йилларим, майнинг майин кунлари... Халқимизнинг севимли композитори, Давлат мадҳиямиз мусиқаси муаллифи Мутаваккил Бурҳоновнинг юбилей санаси нишонланаётган кезлар экан.

Устоз бастакор ижодий кечаси мусиқа ихлосмандлари билан лиқ тўла эди ўшанда. Шундай ҳаяжонли дамларда интервью олиш истагида аста юбилей сабабчисига рўбарў бўлдим. Ажаблантиргани бастакорнинг ғоят камтар, зиёли, ўта маданиятли, феъли кенглиги эди. Бу инсонга калондимоғлик, манманлик, кибр мутлақо бегона экан. Бошқа атоқли санъаткорлар каби “Суҳбатга вақтим йўқ”, “Тадбир тугаганида кел”, “Ҳозир сира мавриди эмас...” қабилидаги беписанд муносабат кутгандим аслида...

Яна ҳайратланганим рўпарамда Фитрат, Чўлпон, Ҳамид Олимжон сингари даҳо ижодкорларни ўз кўзи билан кўрган, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган инсон турарди. Тадбир унинг соҳиби каби баланд руҳда, файзли йўсинда ўтганди.

Мутал Музаййинович 1916 йили 5 май куни шариф шаҳар Бухорода таваллуд топган. Мусиқа сирларини Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, Москва давлат консерваториясида олган.

Унинг ижодий камолотида ўз даврининг маърифатпарварлари етакчи ўрин эгаллаган. Серқирра ижодкор Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм балосини даф этишга ҳисса қўшган, кейинроқ эса оғир яралангач, юртига қайтганини кўп ҳам иддао этавермас эди.

Мутал Музаййинович мусиқа санъатининг бир неча йўналишларида самарали ижод қилди. Халқимиз қалбидан ўрин олган кинофильмларга, саҳна томошаларига мусиқий асарлар ёзди. Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳоновнинг ижоди Ватанимизнинг “Шуҳрат” медали, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденларига муносиб кўрилган.

... Бугун халқимизнинг ҳассос шоири Абдулла Орипов шеърига моҳир бастакор яратган мадҳиямиз билан тонг отади, кун поёнига етади. Барчамиз учун қадрли бу асар халқаро мусобақалар, анжуманлар, фестиваль ва танловларда баралла янграйди. Беназир бастакор ўзининг асарлари каби халқимиз қалбида мангу яшайди!