Ёшларнинг таълим олишида муҳим ўрин эгаллайдиган ўқитувчилик касбининг обрўини ошириш омилларидан бири, шубҳасиз, улар меҳнатини муносиб рағбатлантиришдир.
ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ЮҚОРИ МАОШ ОЛИШИ УЧУН ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР МАВЖУД?
Маълумки, давлатимиз раҳбари 2021 йил бўлиб ўтган инаугурация маросимидаги нутқида 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1000 АҚШ долларга етказиш чоралари кўрилишини таъкидлаган эди.
«Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боис ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1000 долларга етказиш чоралари кўрилади», деган эди Президент.
Президентнинг «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонига кўра, жорий йилдан ўқитувчиларнинг малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда иш ҳақи тўлаш тартиби белгилаб қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистонда ўқитувчи ва шифокорлар маошини ошириш учун жорий йилда қўшимча 350 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган.
– Агар ўқитувчилар халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлса, улар тоифасига қўшимча равишда маошидан ташқари 50 фоиз устама олиш имкониятига эга, – дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхожаев. – Бугун ҳам 1000 АҚШ доллари атрофида маош олаётган ўқитувчилар бор. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, келгусидаги режаларга кўра, барча ўқитувчилар юқори маош олишлари мумкин, дея айта олмайман. Қўшимча сертификатларга эга бўлмаган ҳамда қўйилган талабларга жавоб бера олмаган ўқитувчиларнинг ойлик маошларига қўшимча ҳақ тўланмайди.
Статистикага кўра, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг 37,6 фоизи таълим соҳасига тўғри келади.
Қонунчиликка асосан таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади. Таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунда бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз, бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
Шунингдек, қишлоқ жойлардаги умумтаълим мактабларида, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхожаевнинг сўзларига кўра, бугунги кун ўқитувчиси ўз устида ишлаб, индивидуал тарзда маошини оширишга эришиши мумкин.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганидек, бугун ҳар бир ўқитувчи ва тарбиячи, олийгоҳ домласи таълим ва илм-фан соҳасидаги энг сўнгги ижобий янгиликларни ўқув жараёнларига татбиқ эта оладиган, чуқур билим ва дунёқараш эгаси, бир сўз билан айтганда, замонамиз ва жамиятимизнинг энг илғор вакиллари бўлишлари керак.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА