Профессионал таълимда ўқиш имконияти кенгайтирилмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғи билан 2023/2024-ўқув йилида my.uzbmb.uz платформаси орқали коллеж ва техникумларда (юридик техникумлар бундан мустасно) касб ёки мутахассислик эгаллаш истагида рўйхатдан ўтган абитуриентларни қабул параметри доирасида мавжуд вакант (бўш) ўринларга қабул қилиш имконияти яратилди.
Бунда биринчи навбатда, абитуриентлар тест натижалари бўйича баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда қабул қилинади.
Шунингдек, қабул якунлари бўйича шаклланмаган (ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлган) гуруҳларга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ўқувчилар аризасига кўра, таълим шакли ўзгармаган ҳолда, давлат гранти асосида бошқа касб (мутахассислик)га ўзгартириши мумкин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларига тест синовларида иштирок этиб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар фақат ушбу техникумдаги мос мутахассислик бўйича вакант ўринларга тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Ушбу техникумларнинг вакант ўринларига мос мутахассислик бўйича ўқишга даъвогар абитуриент бўлмаган тақдирда, мазкур муассасанинг бошқа мутахассисликлари бўйича ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар қабул қилинишига рухсат берилади.
Шу билан бирга, тиббиёт йўналишидаги мутахассисликларга тавсия этилмаган абитуриентлар бошқа коллеж ва техникумлардаги вакант ўринларга ўқиш учун ҳам мурожаат этиши мумкин. Вакант ўринларига ўқиш истагида бўлганлар 2023 йилнинг 13 ноябрь кунига қадар профессионал таълим муассасаси маъмуриятига мурожаат қилиши лозим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА