Бир донишманд «Китоб – энг катта кинотеатр. Инсон ўша театрда ўзини кўради», деган эди. Ҳақ гап. Китоб инсонни ҳаётнинг ҳар қандай синовларини донолик билан енгишида ёрдам беради.
Хўш, бугун китоб дўконларининг харидорлари ким? Фарзандларимизга китоб совға қиляпмизми? Ушбу саволларга жавоб топиш истагида пойтахтимизнинг Чорсу бозори атрофида жойлашган китоб дўконларини айланиб, сотувчию харидорлар билан суҳбатлашдик.
Ҳилола Салимова бир неча йилдан буён дўконда сотувчи бўлиб ишлайди:
– Кимдир китобнинг нархига қараб, бошқаси урф бўлган китобларга қараб, кўпчилик эса детектив қиссаларга қизиқиб харид қилади. Баъзи ота-оналар эса боласининг ёшига мослаб китоб олишади. Улар билан савдо қилиш жуда мароқли. Аммо айрим харидорлар арзон нархдаги китобларни ҳам сотиб олишга оғринишади.
– Энг кўп китоб сотиб оладиган харидорлар кимлар?
– Ўқувчилар билан аёллар. Талабалар дарслик китобларни, оналар фарзанд тарбиясига ва пазандаликка оид қўлланмаларни харид қилишади.
– Ота-оналарга фарзандлари учун қандай китоб сотиб олишларини тавсия қиласиз?
– Бадий китобларимиз ҳам турли ёшдаги болаларга мўлжалланган. Масалан, биринчи-тўртинчи синф ўқувчилари учун эртак китоблар, ҳикоялар тўпламларини тавсия этиш мумкин. «Олмос Ботир эртаклари», «Қалдирғоч» тўплами, Анвар Обиджоннинг «Ўғирланган паҳлавон» китоби, «Ҳакка ва тулки» эртаклари шулар жумласидан. Ўсмирлар учун мўлжалланган китобларимиз Худойберди Тўхтабоевнинг «Ширин қовунлар мамлакати ёки сеҳргарлар жанги», «Жаннати одамлар», «Сариқ девнинг ўлими», Одил Ёқубовнинг «Кўҳна Дунё», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романлари ва бошқалар. Бу китобларни ўқиган болалар, албатта теран фикрлайдиган бўлиб етишишади.
– Ҳар маош олган куним тўғри шу ерга келаман, – дейди харидор Муножот Йўлдошева. Уч нафар ўғлим бор. Болаларим бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун турли китоблар олиб бориб бераман. Туғилган кун ёки байрамда уларга оладиган совғаларимиз ичида албатта китоб бўлади. Болалар совғаларни бир-икки кун ўйнардию, кейин китоб ўқишга тушишарди. Шу тариқа уларда китобга меҳр ўйғонди. Дастурхон атрофида ҳам улар билан янги ўқиган китобларимизни муҳокама қиламиз.
– Бу ерга устозимдан гап эшитмаслик учун келдим, – дейди Умид Сардоров. – Ўқитувчим мажбурлагани учун бир иккита бадиий китоблар сотиб олдим. Бўлмаса, ўртоғимникидан фойдаланиб тургандим. Аслида китоб ўқишга умуман қизиқмайман. Китоб ўқисам, уйқум келади.
– Бир дугонам Дейл Карнегининг китобларини мақтаганди, – дейди Севара Расулова исмли талаба. – Стипендиям чиққанди, келиб олиб кетяпман. Китоблар унчалик қиммат эмас. Учта китобнинг нархи айрим қизларнинг «Орифлеймдан» оладиган атир-упаларининг пулидан анча арзон.Дарҳақиқат, китоб ўқиган инсоннинг тасаввури кенг, фикрлари теран бўлади. Китоб харид қилиш борасидаги муносабатлар эса ҳар хил. Ҳаётнинг ҳар қандай синовларини донолик билан енгишга киришай деган инсонга ҳамроҳ эса, ҳамиша китоб бўлиб қолаверади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА