Олти етти йил илгари шу кунлар ҳақида гапиришса, худди эртак айтаётгандай ишонмас эдим. Аммо бугун ҳамма нарса ўзгармоқда. Янги Ўзбекистон барпо этилмоқда.
Бугунги кунда Фарғона вилоятда раҳбарлар томонидан халқ учун жуда кўп яхшиликлар қилинмоқда. Улар тиним билмай инсонлар фаровон ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиб, жонкуярлик билан меҳнат қилмоқда.
Бугун раҳбарларимиз халқ билан оддий инсонлардек яқин мулоқот олиб боряпти. Ҳақиқатдан ҳам халқнинг дарди билан яшаб, уларни ҳаётига кириб бораяпти.
Фарғона вилояти ва Қува тумани раҳбарларининг кўмагини алоҳида эътироф этишни истар эдим.
Турмуш ўртоғим Эркинжон Акбаров Фарғона шаҳар ИИБда ишлаб, хизмат вақтида ҳалок бўлган эди. Тўрт нафар фарзандим бор, ҳаммаси талаба. Улардан учтаси контракт асосида таълим олади.
Оилавий қийинчиликлар сабабли Россияга бориб ишлашимга тўғри келди. У ерда туриб юртимизда биз мигрантлар учун берилаётган имкониятлар, мигрантлар фарзандлари бағрида бўлсин, деб яратилаётган шароитларни кўрдим.
Ўзбекистонга қайтганимда эса вилоятимиз ва туманимиздаги ғамхўр раҳбарларимиз томонидан оиламизга катта ёрдам кўрсатилди. Бунда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят маҳалла жамғармаси бошлиғи Боҳодир Йўлбарсов, Қува туман ҳокими Ҳалимжон Умаров, Қува тумани прокурори Отабек Тошматов, Қува туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Абдували Исахонов, туман мудофаа ишлари бошлиғи Умиджон Ҳакимов ўзларининг самимий ёрдамларини кўрсатиб, фарзандларимнинг ўқиши контракт пулларини, муддатли ҳарбий хизмат пулини тўлаб беришди.
Бундан ташқари, ўзимга имтиёзли кредит ажратиб, тикув машинаси бериб, иш билан таъминлашди.
Бунинг учун юртбошимиз ва барча раҳбарларимиздан миннатдорман!
Сурайё Акбарова, Фарғона вилояти, Қува тумани, "Олтинариқ" МФЙ