Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун ҳам зиё улашаётган зиёлилар
15:03 / 2024-04-26

Миллий эстрада санъатимиз ривожида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёс. Кейинги йилларда мамлакатимизда устоз санъаткорнинг ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш, хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Ботир Зокиров 1936 йили 26 апрелда атоқли санъаткорлар – бетакрор овоз соҳиби Карим Зокиров ҳамда Алишер Навоий номидаги давлат опера ва балет театри (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик театри), кейинчалик Муқимий номидаги Ўзбек давлат театри хонандаси Шойиста Саидова оиласида таваллуд топган.

Манбаларга кўра, Ботир Зокиров саккиз йиллик мактаб таълимидан сўнг Тошкент давлат консерваториясига ўқишга киради. Бироқ ўпкасидаги жиддий хасталик сабабли мусиқий таълимни ташлаб, кейинчалик Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик факультетида ўқишни давом эттиради.

Ботир Каримович 1956 йили Ўзбекистондаги илк эстрада жамоаси – «Ёшлик» ансамблининг ташкил этилишида жонбозлик кўрсатади. Мазкур ансамбль 1957 йилда Москвада бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалида иштирок этади. У ерда «Араб тангоси»ни илк бор ижро этгани Ботир Зокировга катта шуҳрат олиб келади. Кейинчалик санъаткор Ўзбек давлат симфоник оркестрига раҳбарлик қилади.

Ботир Зокиров опералардан ариялар, ўзбек халқ қўшиқлари, мамлакат ва хорижий композиторларнинг асарларини оригинал тилда юксак маҳорат билан ижро этгани диққатга сазовордир. Мусиқа ихлосмандларига унинг ижросидаги ўзбек қўшиқлари билан бирга озарбайжон, турк, афғон, ҳинд, итальян, француз, испан ва бошқа тиллардаги қўшиқлари яхши маълум.

Бугунгача устоз санъаткор Ботир Зокиров ижро этган бетакрор қўшиқлар халқимиз қалбида яшаб келмоқда.  

Дилтортар қўшиқ мукаммал шеърият билан узвий боғлиқдир. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг кўплаб шеърлари ажойиб қўшиқларга айланган. 26 апрель – халқимизнинг ардоқли шоирининг ҳам таваллуд топган куни.  

Муҳаммад Юсуф 1954 йили 26 апрель куни Андижон вилоятининг Марҳамат туманида таваллуд топган эди.

1978 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, Республика китобсеварлар жамияти (1978-80), «Тошкент оқшоми» газетаси (1980-86), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти (1986-95)да турли лавозимларда ишлаган. 1995-97 йиллар «Тафаккур» журналида бўлим мудири, 1997-2001 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари сифатида меҳнат қилган.

Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеърлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида босилган (1976). Шундан бошлаб республика матбуотида унинг шеър, очерк ва мақолалари мунтазам равишда чоп этила бошлаган. Илк шеърлар китоби – «Таниш тераклар» 1985 йилда нашр этилган. Муҳаммад Юсуфнинг «Илтижо» (1988), «Уйқудаги қиз», «Ҳалима энам аллалари» (1989), «Ишқ кемаси» (1990), «Кўнглимда бир ёр» (1991), «Бевафо кўп экан», «Ёлғончи ёр» (1993), «Эрка кийик» (1995) ва «Осмонимга олиб кетаман» (1998), «Улуғимсан, Ватаним» (2004), «Сайланма» (2007), «Халқ бўл, элим» (2009) шеърий китоблари нашр этилган. 1989 йилда «Уйқудаги қиз» номли шеърий тўплами учун у республика Ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган.  

Айтиш керакки, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан санъат ва адабиётимизнинг йирик намояндалари, жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасида эзгу ташаббуслар ҳаётга фаол жорий этилмоқда. «Маърифат улашиб» ижодий лойиҳаси, пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудига бағишланган хотира тадбирлари бунинг яна бир амалий намунасидир. Зеро, Ботир Зокиров, Муҳаммад Юсуф каби дарғалар бугун ҳам ўз ижоди билан халқимиз орасида маърифат, зиё улашаётган намояндалар саналади.

Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА