Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун “Grand Swiss FIDE”да 10-турда Абдусатторов-Синдоров баҳси ўтказилади
14:46 / 2023-11-04

Буюк Британиянинг Дуглас шаҳрида давом этаётган “Grand Swiss FIDE” халқаро турнирининг 9-тур ўйинлари ортда қолди.

Бугун, 4 ноябрь куни ўтказиладиган 10-тур баҳслари халқаро турнир ғолиблиги ва совриндорлигига асосий даъвогарларни аниқлаб беради.

Кеча ўтказилган 9-тур ўйинларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Жавоҳир Синдоров Франция шарафини ҳимоя қилаётган Максим Вашье-Лаграв билан дурангга эришган бўлса, Нодирбек Абдусатторов венгриялик Беньямин Гледурани, Нодирбек Ёқуббоев АҚШ вакили Сэм Шанкландни мағлуб этишга эришди. Қувонарли жиҳати, Абдусатторов ҳам, Ёқуббоев ҳам рақибларини қора доналарда ўйнаб таслим этди. Яна бир шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов Руминия терма жамоаси аъзоси Кирил Шевченкога мураккаб ўйинда очко бериб қўйди. 

Бугун бошланадиган 10-тур ҳолатига кўра, 6 нафар шахматчи 6,5 очко жамғариб, мусобақада пешқадамлик қилмоқда. Етакчилар сафида ФИДЕ байроғи остида дона сураётган Андрей Есипенко, ҳиндистонлик Сантош, АҚШлик Каруана ва Хикару Накамура, руминиялик Богдан-Даниел Диаc, эронлик Пархем Магсудлу бор. 

Улардан кейинги қаторда бораётган 6 нафар шахматчи 6, 18 нафари 5,5, 15 нафари 5 очкога эга бўлиб турибди. 

Юртимиз шахматчиларидан Ж.Синдоров, Н.Ёқуббоев ва Н.Абдусатторов 5,5 очко билан ғолибликка даъвогарларни таъқиб этмоқда. 

“Grand Swiss FIDE” халқаро турнирининг навбатдаги 10-турида Абдусатторов-Синдоров “дуэли” рўй бераётгани мамлакатимиз шахмат ишқибозларининг диққат марказидаги баҳс бўлиши шубҳасиз. Ушбу ўйин энг нуфузли турнирда шахматчиларимиздан қайси бири кучлилар сафига қўшилишга лойиқ эканини аниқлаб бериши билан аҳамиятли бўлади. 

Шунингдек ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев франциялик Этьен Бакро билан, 3,5 очкога эга Шамсиддин Воҳидов Германия номидан мусобақада қатнашаётган Александр Донченко билан куч синашади. 

Халқаро турнирнинг аёллар ўртасидаги мусобақаларида 9-тур якунларига кўра, 7 очко жамғарган ҳиндистонлик Рамешбабу Вайшали етакчилик қилмоқда. Уни 6,5 очкога эга украиналик Анна Музычук ва хитойлик Тан Жуньи таъқиб этмоқда. 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА