Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Германия чемпионатига старт берилади
07:38 / 2020-05-15

Икки ойдирки дунё номи ўчгур пандемия билан олишиб келяпти. Икки ойдирки дунёнинг маданият марказлари-ю спорт майдонлари ҳувиллаб ётибди.


Икки ойдирки дунё номи ўчгур пандемия билан олишиб келяпти. Икки ойдирки дунёнинг маданият марказлари-ю спорт майдонлари ҳувиллаб ётибди (Беларус ва Туркманистон каби камдан-кам мамлакатлар номини инобатга олмаганда).

Дунё аҳолисининг ҳаловати йўқолган, тинчи бузилган, тўрт девор орасида “жон сақлаш”га маҳкум этилган. Хайриятки, ҳаёт яна жонлана бошлаяпти. Баъзи бир мамлакатларда йирик савдо марказлари, кўнгилочар масканларга одамлар қайтяпти. Аста-секин спорт тадбирларига ҳам рухсат бериляпти. Жумладан, футболга ҳам.

Бугундан Германия Бундеслигаси давом эттирила бошланади. Бу ҳақда мамлакат канцлери Ангела Меркел бир мунча муддат олдин маълум қилганди. Шу тариқа икки ой мажбурий танаффусда бўлган чемпионат яна фаолиятини давом эттиради, фақат ягона шарти билан — барча қоидаларга қатъий риоя қилиш, жумладан, стадионлар бўш бўлиши ва ўйинчилар ҳафтасига 2 марта тест текширувидан ўтишлари шарт.

26-тур доирасидаги дастлабки беллашув “Боруссия Д” — “Шальке” ўртасида кечиб, 30 июнь куни чемпионатга якун ясалади.

Демак, 26-турда майдонга тушадиган жуфтликлар:

16 май (шанба)
Боруссия Д — Шальке
РБ Лейпциг — Фрайбург
Хоффенхайм — Герта
Фортуна — Падерборн
Аугсбург — Вольфсбург

17 май (якшанба)
Кельн — Майнц
Унион Берлин — Бавария

18 май (душанба)
Вердер — Байер

Германия чемпионатидан кейинги янгилик Италия ва Англия билан боғлиқ. Тўғри, мазкур мамлакатларда чемпионат ўйинларининг давом эттирилишига ҳозирча рухсат берилганича йўқ, аммо жамоаларнинг умумий машғулотларга 18 майдан киришишига изн берилиши ҳам катта воқелик.

Англияда гарчи футболчиларнинг машғулотлар бошлашига рухсат берилаётган бир пайтда ўйинчиларнинг ўзлари дадил майдонга тушишга шошилишмаяпти. Аксинча, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятдан хавотирда эканликлари ва машғулотларга қайтишни истамасликларини айтишмоқда. Гапнинг лўндаси — улар ўзларини хавфсиз ҳис қилишмаяпти.

Яқин орада яна икки мамлакатда футбол мусобақалари бошланиши кўзда тутилмоқда. Чехияда 24-турдан тўхтаб қолган чемпионат ўйинлари 23 майдан, Португалияда ҳам айнан 24-турдан кейин “мажбурий танаффусга” чиққан чемпионат баҳслари 4 июндан давом эттирилиши режалаштириляпти. Чехияда 58 очко жамғарган “Славия”, Португалияда эса 60 очко билан “Порту” карвонбошилик қилишаётганди.