Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
09:26 / 2026-02-03

-

“Янги Ўзбекистон”да 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ҳаётига оид икки муҳим масала – Навоий аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда авиация корхоналарини трансформация қилиш, шунингдек, кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболга мўлжалланган режаларга бағишланган тақдимот билан яқиндан танишганига оид саҳифалар берилган. Газетада ўқувчи эътиборини тортадиган “Жўшқин кечган 2025 йилдаги суръат 2026 йилда янада юқори босқичга чиқади”, “Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси: банк соҳасини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари”, “Жамият ижодкорлик билан яшайди, иқтисодиёт фаоллик билан ривожланади” номли таҳлилий мақолалар эълон қилинган. Аксарият мақолаларда жамиятдаги бугунги юксалиш жараёнлари, одамларнинг ҳаётга бўлган ишончи акс этиб туради. 9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун саҳифасида “Оламни мукаммал кўрмоқ истаги”, “Илм бирла бўлмаса адаб, ул илм жаҳолатдин ёмон” мақолаларида Ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳаётга қарашлари, юксак маънавий олами акс этган. Тарбияда меҳр-муҳаббатнинг ўрни беқиёс эканини Навоий бот-бот уқтиради. Инсон қалбини жазо ёки зўравонлик билан эмас, фақат самимий муҳаббат билан забт этиш ва тарбиялаш мумкинлиги буюк шоир ижодининг асл мақсади, дея эътироф этилади саҳифада.

“Халқ сўзи”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштироки билан боғлиқ “Фуқаро авиацияси жаҳон андозаларига мос тарзда ривожлантирилади”, “Кўмир ва уран қазиб олиш ҳажми оширилади” каби муҳим шарҳлар эълон қилинган.  Янги Ўзбекистон ва тинчлик дипломатияси, хавфсиз муҳит зарурлиги хусусидаги мақолаларда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги фаол позицияси, Европа Иттифоқи билан тобора мустаҳкамланиб бораётган кўп қиррали ҳамкорлиги истиқболлари хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланаётгани, мамлакатимиздаги бугунги хавфсиз муҳит руҳи акс этган. Газетада ўзига хос ўрин эгаллаб келаётган – кўпчиликка қизиқ бўлган Факт ва рақамлар саҳифасидаги маълумотлар кишини ҳушёр торттиради. 2026 йилнинг1 майидан “Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke” халқаро дастурлари асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, 2026 йилнинг 1 октябридан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2027 йилдан эса республиканинг бошқа ҳудудларида амалиётга жорий этилади. Миллий дастур доирасида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида сўровнома олиб бориш, унинг натижасига кўра аниқланган хавф гуруҳига мансуб фуқароларни мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш ҳамда беморларга шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш алгоритмлари ва клиник маршрутларини амалиётган жорий этиш назарда тутилган дейилади унда. “Барқарор қувват таъминоти”  ёки мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 85 млрд. киловатт – соатга етказилди” номли мақолада энергия мустақиллиги йўлида олиб борилаётган ишлар, ислоҳотлар самарасини кўргандек бўласиз.  

“Ishonch”да “Аёллар манфаати йўлида янги қадам” – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолангани акс этган саҳифа эътиборни тортади. “1 февралдан нималар ўзгармоқда?” номли янгиликлар гулдастаси муҳимлиги билан диққатни тортади. Аброр Зоҳидовнинг “Нега аҳоли кўпайса-да, никоҳлар камаймоқда?” номли мақоласида кўтарилган мулоҳазалар кишини ўйга толдиради. “Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон демографияси шиддат билан ўсиб келди. Ҳаммаси яхши. Лекин яқинда Миллий статистика қўмитаси эълон қилган рақамлар кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Гарчи аҳолимиз сони ошаётган бўлса-да, турмуш қуриш камайиб бормоқда. Бу хавотирли, бир томондан қўрқинчли ҳам” дея ёзади муаллиф. Мақолани, албатта, ўқинг. Сиёсий таҳлилчи Жаҳонгир Наҳановнинг Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар шарҳига бағишланган “Асаблар уруши давом этади” саҳифаси билан танишаркансиз, кўп мавҳум нарсалар ечими қайда эканлигини илғагандек бўласиз. “Саводингизни қурт еганми?” номли мақоладаги мушоҳада ҳаммамизни яна бир бор ҳушёр, зийрак бўлишга ундайди.

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА