-
“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сонида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 октябрь куни космик мониторинг орқали янги иқтисодий имкониятларни аниқлаш юзасидан таклифлар тақдимотида иштирок этгани тўғрисида шарҳ, шунингдек, пойтахтни комплекс ривожлантириш, саноат ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш масалалари юзасидан давлат раҳбарига ахборот берилгани хусусида хабар берилади. “Муштарак мақсадлар тараққиётга элтади” мақоласида пойтахт Тошкентда Туркий университетлар иттифоқининг 8-Бош Ассамблеяси ҳақида сўз боради. “Ёзёвонда одамлар ҳаёти ҳам, дунёқараши ҳам ўзгармоқда” мақоласида ўтган асрнинг ўрталарида қум барханларидан иборат бўлган дашт – “Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куяди” дея таъриф берилган, бугун эса чинакам обод масканга айланган Ёзёвон туманидаги ўзгаришлар акс этган. “Халқаро даражага чиққан миллий модель”, “Олис ҳудудлардаги инвестиция лойиҳалари”, “Олий таълимни стратегик қўллаб-қувватлаш даврнинг устувор йўналиши”, “Ҳарбий атамалар тарихи чуқур илдизларга эга”, “Ўғил бола мард ва кучли бўлиши керак” каби мақолаларда янгиланаётган жамият манзаралари ва янги давр нафасини ҳис қиласиз.
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштироки билан боғлиқ тадбир, учрашувларга кенг эътибор берилган. “Қорақалпоғистон: янги давр одимлари” мақоласида кўз ўнгимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қорақалпоқ халқининг бугунги ҳаёти акс этган. – 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 17,4 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, бу рақам 2024 йил охирига келиб 45,7 трлн. сўмга етди. Биргина Нукус шаҳрини оладиган бўлсак, бу ерда 91,5 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди, - деб ёзади мақола муаллифи Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбой Каримов. “Маҳалла”, “Тинчлик платформаси”, “Эзгулик йўлидаги ўзгаришлар”, “Ўзбекистон – янги минтақавий тизимнинг асосий меъморларидан бири”, “Дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган кент”, “Шаҳар чиройига доғ тушмасин”, “Уддабурон” талабалар кимни алдамоқчи?” каби мақолалар, саҳифаларда инсон омили, ислоҳотлар, бугунги ютуқлар – ҳақиқатлар акс этган.
“Jadid”нинг бугунги сони Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг қуйидаги сатрлари билан бошланади:
Қадрим сўраганда, қароғим тилим,
Кўксимни кўтарган сен – тоғим, тилим,
Асрлар аждодлар руҳин ёритган,
Туркий тиллар ичра чироғим тилим.
Яссавий байтида туморим, тилим,
Навоий назмида сен орим, тилим,
Кумушнинг васфида бетакрор малак,
Қодирийдан қолган ёдгорим, тилим.
Тошлар тўфонида бағри тилимсан,
Кўксин чангаллаган қонли қўлимсан,
Ойга алмашмасман, кунга бермасман,
Чўлпон юрагида унган гулимсан...
“Jadid”чилар 21 октябрь – Ўзбек тили байрамига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдулҳамид Мухторовнинг “Тилни асраш миллатни асрашдир” мақоласида тилга бўлган эътиборни она Ватанга эҳтиром ва садоқат эканлигига урғу берилган. “Мен Ватанда эмасман, Ватан менинг ичимда”, “Сунбулни Лайло очибтур...”, “Илоҳий неъмат”, “Давлат тили ва ҳарбий атамалар”, “Саратон чекинади” каби мақолаларда инсон ва жамият муаммолари, эгилиб, букилиб синмаган ҳақиқат, олам ва одам, жадидлар нафаси акс этган.
“Адолат”да эълон қилинган “Ҳамжиҳатлик нафаси”, “Қувонишни ҳам билмайсан, қайғуришни ҳам...”, “Эрта аниқла – ҳаётни сақла”: аёлларда онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган акция ўтказилмоқда”, “Тарихни уйғотган археолог”, “Умрбоқий қадрият” каби мақолаларда ўзгараётган инсон ва жамият, тарих ва тараққиёт, изланиш ва юксалиш онлари акс этган. Камол Муҳаммад Ёқубнинг “Миллат кўзгусига ғубор туширмайлик, шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Ризаевнинг “Аждодлардан мерос буюк бойлик” каби мақолаларида Она тилимиз – Ўзбек тилига эҳтиром руҳи акс этган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари ўқувчининг қалбида акс-садо бериб туради:
Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан...
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА