French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
09:28 / 2025-10-08

-

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-7 октябрь кунлари Озарбайжон Республикасининг Габала шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштироки, саммитда сўзлаган нутқи, шунингдек, 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида хабар берилади. “Янги Ўзбекистон руҳи” рукнида “Тенг ҳуқуқ, тенг имконият – адолатли жамият пойдевори”, “Иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича муҳим ташаббуслар”, “Пахта терими энди дард эмас, даромад”, “Янги авлод дронлари”, “Келинларни китоб ўқишга қизиқтирадиган қайнона”,  “Қорақалпоғистонлик ёшлар ишончни оқлаяпти” каби мақолаларда бугунги ҳаёт, тараққиёт одимлари, оила бирлиги ва руҳий юксалиш, Ўзбекистон ва унинг истиқболлари ҳақида сўз боради. 

“Халқ сўзи”да ҳам давлатимиз раҳбарининг Озарбайжон Республикасига қилган сафари, ўзаро манфаатли ҳамкорликлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқи, Ўзбекистон ва Россия  Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисидаги хабар акс этган. Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Замонавий дунёнинг сиёсий ва хавфсизлик архитектураси қандай бўлади?” номли мақоласини, албатта, ўқинг. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида илгари сурилган ғоялар, ташаббуслар ҳақида сўз боради. “Туркий ҳамжиҳатлик – тинчлик, тараққиёт ва адолат йўлидаги бирлашув”, “Тарих ва маданиятмизга уйғун бунёдкорлик жараёни” каби мақолаларда катта дунёга интеграциялашаётган Ўзбекистон ва янгиланаётган замон руҳи акс этган.

“Hyrriyat”нинг бугунги сонида бир қатор эътиборни тортадиган мақолалар бор. “Ўзбекистоннинг муҳим ташаббуслари” саҳифаси шулар жумладан. “Бекободда илм-фанга эътибор ортмоқда”, “Тараққиётнинг муҳим қадамлари”, “Буюклик бахти”, “Китоб уйга боради”, “Умр дафтаридаги безаклар”, “ОИТС – хавфли, лекин бу “ҳаёт тугади” дегани эмас!”, “Блэрга қанчалик ишонч билдирилади?”, “Маънавий камолот манзиллари”, “Хасталиклар нега “ёшариб” бормоқда?” каби мақолалар, таниқли шоир Ахтамқул Каримовнинг Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Ярим аср девони” китоби хусусидаги мулоҳазалари, шунингдек, ёзувчи Қулмон Очилнинг “Хатар дарбозаси” романидан берилган бобни ўқиб, руҳингиз ёришади, бугунги ҳаёт манзаралари кўз ўнгингизда намоён бўла бошлайди...

“Oʻzbekiston ovozi”да эълон қилинган мақолалар мавзулар ранг-баранглиги билан ажралиб туради. “Ҳамкорлик ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди”, “Ялпи мажлис: Ҳар бир банд – ҳаёт масаласи. Шахс ҳуқуқидан тортиб инфратузилма модернизациясигача...”, “Сайловчига янада яқинроқ”, “Болаларимиз эртакларга эл бўлсин”, “Сунъий интеллект бўйича малакали кадрлар тайёрлаш тизими жадаллашади”, “Камбағалликдан фаровонлик сари: Партиянинг ёндашуви қандай?”, “Тiк-ток феномени: Рақамли эркинликми ёки онгсиз қарамлик?” каби саҳифа, мақолаларни зўр қизиқиш билан ўқийсиз. Улардан бугунги кун ташвишлари акс-садоси эшитилиб туради.

“Ma`rifat” – зиёлиларнинг, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаган барча устоз, мураббийларнинг минбари. Газетанинг бугунги сони тўлиғича ўқитувчилар ижодига бағишланган. Беруний туманидаги 47- мактаб ўқитувчиси Саломат Эшимбетованинг “Онали етим гул етимми?”, “Дадасининг қизи” мақолаларини, албатта, ўқинг. Бекобод туманидаги 2- мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Муҳайё Ўроқованинг “Мақтов”, “Табиатнинг табиати”, “Қарғанинг туҳфаси”, “Пушаймон”, Ургут туманидаги 98-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Умид Алининг “Қор ўйини”, “Ёмғирқиз”, “Нусхалар” каби ҳикоялари, ургутлик ижодкор муаллим Худойберди Комиловнинг тўртликлари, асакалик Абдурашид Эргашев, нурободлик Боймат Қўчқоров, қўшработлик Ўткир Мулукбоевларнинг шеърларини ўқиркансиз, ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга ижод билан жиддий шуғулланиб келаётган устозларга, раҳматлар айтгингиз келади.

Бугунги газеталарни ўқинг...

А.Нарзуллоев,  ЎзА