-
“Янги Ўзбекистон” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 сентябрь куни Тяньцзин шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этгани, ушбу кенгаш ва “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мажлисдаги нутқлари эълон қилинган. “Ўзбекистон – Хитой: янги имкониятлар йўлидаги салоҳиятлар синергияси”, “Маҳалла банкири” – маҳалладаги бунёдкор куч”, “Куч-ғайратимизни ёшлар камолоти, илм-маърифатига сафарбар этамиз”, “Юксак милий руҳ мутолаадан қўр олгай” каби мақолаларда дунёга очилиб бораётган Ўзбекистон ва истиқлол нафаси уфуриб турган ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Тошкент давлат шарқшунослик университети катта ўқитувчиси Зикриллохон Қодировнинг миллий давлатчилигимиз тарихидан дарак берувчи “Салжуқийлар давлати” номли мақоласи, айниқса, эътиборли. – Салжуқийлар бугунги Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Эрон, Ироқ, Туркия ҳудудларидаги тарихий жараёнларда фаол қатнашиб, ўз давлати, сиёсий ва ҳарбий уюшмаларини ташкил қилган. Бу давлатлар XIII асрда муғуллар босқини туфайли инқирозга учради ҳамда янги давлат ва тузилмалар таркибига сингиб кетди. Салжуқийларнинг ворислари кейинчалик Ғарбий Осиёда ўз даврида муҳим ўрин эгаллаган Усмонли турк давлатини тузишда қатнашди. Сулола асосчиси Салжуқбей ўғузларнинг қини қабиласидан бўлган. Манбаларда кўрсатилишича, Салжуқбейнинг отаси Дукак (Дўқоқ ёки Тўқоқ)бей эди. Дукак ўғузлар орасида “Темир ёй” лақаби билан танилган. Бу ном унинг катта мавқега эга эканини билдиради. Зеро, қадимги туркий анъналарда “камон” ҳокимият рамзи бўлган, деб ёзади муаллиф. Мақолани, албатта, ўқинг.
“Халқ сўзи”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 сентябрь куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштироки тўғрисидаги маълумотлар “ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди” номли саҳифада акс этган. Газетада Давлат раҳбарининг кенгаш мажлисида ва “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мажлисдаги нутқлари ҳам эълон қилинган. “Ўзбекистон ташаббуслари – мамлакатимиз ва минтақанинг янги ривожланиш йўли сари дадил қадам” саҳифада муаллиф, Халқаро нордик университети ректори, профессор Шерзод Мустафоқулов шундай ёзади: Президентимиз илгари сурган ташаббуслар Ўзбекистон учун ташқи савдони енгиллаштиради, инвесторларни жалб этади, стартаплар учун янги молиявий манбалар очади. Энергия бозорида барқарор таъминотга эришилади. ШҲТ давлатлари ўртасида ягона иқтисодий макон шаклланади, рақамли ва “яшил” иқтисодиётнинг ривожланиши тезлашади. Бу нафақат иқтисодий манфаат келтиради, балки минтақани ”яшил” энергетика, инновация ва бизнес интеграцияси марказига айлантиради. Ўз навбатида, бу янги иш ўринлари, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам замин яратади”. “Унутмас менинг боғим...” саҳифасида берилган шеърлар – Қуддус Муҳаммадий, Рауф Парфи, Тўра Сулаймон, Муҳаммад Юсуф, Анвар Обиджонларнинг Ватанни улуғловчи шеърларидан юраклар куч-қувват олади.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА