Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
09:41 / 2025-08-20

-

“Янги Ўзбекистон” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Саҳир Шамшод Мирзо бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани тўғрисидаги хабар билан бошланади. Газетада шу куни давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимини трансформация қилиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишгани тўғрисида катта шарҳ ҳам берилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев “Янги Ўзбекистоннинг янги иқтисодий воқелиги: Инсон учун барпо этилган тизим” саҳифасида бугунги ислоҳотлар жараёнига кўзгу тутади.  – Агар вақт чизиғини ортга сурсак, 2016 йилдаги Ўзбекистон манзараси кўз олдимизда пайдо бўлади: валюта сиёсатидаги қаттиқ назорат, ташқи иқтисодий фаолиятдаги чекловлар, экспортдаги монополия ва инвестиция муҳитидаги турли бюрократик тўсиқлар туфайли иқтисодиёт муайян тўсиқлар ичида қолган эди. Ҳозирги манзара эса бутунлай бошқача. Рақамлар ва ҳаётдаги ўзгаришлар мамлакат тараққиётидаги кескин бурилишни яққол намоён этмоқда, деб ёзади муаллиф. Мақолани, албатта, ўқинг. “Олимпия шаҳарчаси юртимиз спортини дунёнинг энг юксак чўққисига олиб чиқувчи пиллапоядир”, “Тадбиркорлик ривожи йўлидаги уч муҳим воқелик”, “Истиқлолнинг буюк қудрати” каби мақола ва саҳифаларда бугунги кун манзаралари, ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам ўқувчи эътиборини тортадиган муҳим мавзулар кенг ёритилган. “Ўзбекистон ва Қозоғистон – энг яқин, ишончли ҳамкорлар”,  “Қадриятлари ўхшаш, маданий ва маънавий илдизлари бир халқмиз”, “Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш – тадбиркорлик бурчимиз”, “Мактаб ярмаркалари – эл хизматида”, “Қурғоқчилик мониторингида янги лойиҳа” каби мақолаларда Янги Ўзбекистон манзаралари акс этган. Факт ва рақамлар саҳифасидаги ушбу рақамлар эътиборни тортади: Шу йилнинг 1 август ҳолатига кўра Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокида жами 16 609 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 16,4 фоиз ошган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра улардан 4 094 таси  қўшма ва 12 515 таси хорижий корхоналардир. Чет эл сармояси иштирокида ташкил этилган корхоналарнинг катта қисми Хитой (4 250 та), Россия (3 093 та), Туркия (1 982 та), Қозоғистон (1 149 та) ва Жанубий Корея (671 та) давлатларининг улушига тўғри келади. 

“Hyrriyat”нинг бугунги сонида бир қатор эътиборни тортадиган мақолалар бор. “Зоминнинг ёруғ тонглари” мақоласида пурвиқор тоғлар қўйнида замон билан ҳамнафас, кун сайин ривожланиб бораётган юртимизнинг бир бўлаги ҳақида сўз боради. Шерзодхон Қудратхўжанинг “Қурол эмас, омоч керак ёхуд Аляскадаги учрашув ҳақида” мақоласида ўзига хос мушоҳадаларга дуч келасиз. “Саҳро авангарди ёки қум устидаги Лувр” мақоласидаги таассуротлар, “Ҳеч ким касал бўлмасин, лекин...” – тиббиётга оид мулоҳазалар,  Абдулла Айизовнинг “Оловлар юрти ҳақида ҳикоя”си,  Ғиёсиддин Ўнаровнинг Мансур Жумаевга бағишланган “Мансур масрур эди” хотирасидан қалбингизда қувонч, ҳаяжон, маҳзунлик жой олганини ҳис қиласиз.

“Ma`rifat” – зиёлиларнинг, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаган барча устоз, мураббийларнинг минбари. Бўка туманидаги 8- мактаб ўқитувчиси, Турон ФА академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, “Соғлом авлод учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари нишондори Усмон Жўраевнинг “Ўқитувчи нега ҳамон обрўли шахсга айлана олмади?” мақоласида бугунги ўқитувчи билан боғлиқ муҳим масалалар ҳақида сўз юритилади. “Устама нима бўлди?”, “Оммалаштириш нима учун керак?”, “Фарзандингиз янги ўқув йилига тайёрми?”, “Мен англаган ҳақиқат”, “Сунъий интеллект – ўқитувчининг ёрдамчиси”, “Гибрид дунё манзаралари” каби ўнлаб мақолаларда таълим-тарбия, бу борадаги баъзи муаммо ва қусурлар ҳақида сўз боради.

“Oʻzbekiston ovozi”нинг бугунги сонида эълон қилинган “Марказий банк раиси парламент сўровига жавоб берди” саҳифаси эътиборни тортади. “Янги авлод тиббиёт мутахассислари – Янги Ўзбекистон таянчи”, “Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш зўрни захираси шакллантирилади”, “Ҳаётдан рози кўнгиллар изҳори”, “Сувчилар мактаби” – бебаҳо ресурсдан оқилона фойдаланишда истиқболли лойиҳа” каби мақолаларда ўқувчи учун қизиқ маълумотлар бор.

Бугунги газеталарни ўқинг...

ЎзА