Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
09:24 / 2025-07-24

-

“Янги Ўзбекистон нинг бугунги сони Президент Шавкат Мирзиёевнинг 23 июль куни Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳамда ижро тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимотга бағишланган шарҳ билан бошланади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Буюк ўзбек” йўли рукнида берилган “Мингдан миллионга айланаётган қувват” мақоласи эътиборни тортади. – Турли мамлакатларнинг кишилари тонгни “Энди нима бўлади?” деган хавотир билан қарши олаётгани рост. “Дунё ўзгариб кетди, биз билган дунё қолмади”, демоқда одамлар. Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни барқарор сақлаб туриш, ривожланиш ва тараққиётга эришиш ҳар қачонгидан ҳам мураккаб эканини барчамиз яхши англаб турибмиз. Шундай бир вазиятда юртимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини тинчлик ва барқарор ўсиш билан, бир-биримизга ёр бўлиб, ҳақиқий ўзбекона маърифат ва ғурур билан қарши олишга шукр қиламиз, деб ёзади муаллиф. “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...”  – Германиялик сиёсий шарҳловчи, “Berliner Zeituhg” нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбати, “Беш ташаббус – беш эзгу ғоя”, “Асрий орзуларга куч бераётган замон нафаси”, “Ёшлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” каби мақолаларда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, унинг муаллифи ва эришилган ютуқлар таҳлил қилинган. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Топган тожу давлатинг абадий пойдор бўлсин” номли фахрияси дилларда акс-садо бериб, кўнгилларни сурур ва ғурурга тўлдиради.

Биз шиддатли замонда давронни ўзгартирдик,

Замон бизни, биз эса замонни ўзгартирдик,

Энг аввало, биз инсон, инсонни ўзгартирдик,

Ўзгарганинг миллатга ғурур бўлсин, ор бўлсин,

Янги Ўзбекистонга омад доим ёр бўлсин! – дея ният қилади шоир...

“Ishonch” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу сўзлари билан бошланади: “Президент сифатида мен мамлакатимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги, Ватан тараққиёти йўлида бутун борлиғимни бағишлаб, халқимга садоқат билан хизмат қилишни ҳаётимнинг маъно-мазмуни деб биланман. Мен учун бундан бошқа олий мақсад, бахт-саодат йўқ”. Газетада  давлат раҳбари раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилган ислоҳотлар силсиласи, Ўзбекистон  халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Юрт раҳнамоси” шеъри Президент Шавкат Мирзиёев шахсияти, феноменини ўзда жам қилган. 

Халқин ёшларига елкасин тутган,

Ҳар бир ўғил-қизин камолин кутган,

Ватан тинчин ўйлаб ўзин унутган,

 Шундай яралгайдир миллат даҳоси,

 Юрт учун туғилган юрт Раҳнамоси!

“Ишонч доктринаси – Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳақида ўйлар”, “Ўзбек аёли”, “Мук тушиб ўқулғон Фузулий” каби мақолалар мавзу муҳимлиги, долзарблиги билан эътиборли.

“ХХI ASR”да мазза қилиб ўқиладиган мақолалар бир талай. “Онгли инсонлар – хавфсиз жамият асосчилари”, “Ютуқлар ортида муаммолар ҳам бор...”,  “Сув –  текин” деган замон ўтди!”, “Миграция ва бандлик”,  “Хавфсиз озиқ-овқат кафолати”, “Таълим таъмасиз бўлмоғи керак”, “Озарбойжонга сафар: шахслар ва ғоялар” каби мақолалар инсон ва жамият, бугунги кун муаммолари ва ечими таҳлилига бағишланган.

“Жамият” – бугунги жамият муаммолари билан нафас олади.  Газета бош муҳаррири, таниқли журналист Мақсуд Жонихоннинг “Халқини эъзозлаганни Ҳақ қўллайди” мақоласи ушбу сўзлар билан бошланади: “Икки-уч йил олдин паспорт янгилаш учун туман марказига бориб, у ерда учтўртта одамни учратиб, дафъатан ҳайрон қолгандим. “Иш куни эмасми бугун паспорт столда?” дея сўрагандим шу ерда юрган йигитдан. “Ҳар куни иш, лекин ҳозир паспорт ва бошқа ҳар қандай ҳужжатларни давлат хизматлари маркази, қолаверса, онлайн олиш мумкин бўлгани учун гавжум эмас. Сиз шунга ҳайрон қолаяпсизми?”, деди укамиз саволимга савол билан жавоб қайтараркан”. Мақолани, албатта, ўқинг. Унда қисқа муддатда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилган ўзгаришларни кўрасиз ва ҳамкасбимиз ёзган ҳақиқатларга сиз ҳам иқрор бўласиз. “Мактаб ўқув адабиётлари ёш авлод келажаги ва миллат тараққиёти гаровидир”, “Табиатга нима берсанг, шуни оласан”, “Инсонлар ҳалокатига сабаб бўлаётган дарахтлар билан ким шуғулланади?”, “Ахборот хизмати – “девор” эмас, “кўприк” ёки инқироз пайтида Ахборот хизматлари”, “Яйлов фидойилари эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшмоқда”, “Шаҳар бедарвозами?! Дарахт кесишга исён, пиво фестивалига сукунат”, “Мазмунсиз умр”, “Маҳаллийчиликни ёмон кўраман” каби мақолаларда бугунги жамият ҳаёти таҳлил қилинган.

“Qishloq hayoti”да “Обиҳаёт тежамкорлиги ҳар бир томчисидан бошланмоғи керак”, “Мингбулоқда янгича руҳ”, “Жиззахнинг саноат салоҳияти – дашт жойларда замонавий  корхоналар пайдо бўлмоқда”,  “Ғўзани тунда суғориш – кони фойди”, “Долзарб 90 кун” каби мақолаларда жойлардаги ҳаёт, юксалаётган қишлоқлар ва қишлоқ одамлари ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА