-
“Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи тафсилотларига бағишланган “Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча имкониятлар ишга солиниб, натижадорликка эришилади” саҳифасини, албатта, ўқинг. Унда давлат раҳбари ташриф давомида “Зомин технопарки”да режалаштирилган янги лойиҳалар билан танишгани ҳақида сўз боради. Маълумки, ушбу технопарк қурилишини ўтган йили 27 июнда давлатимиз раҳбари бошлаб берган эди. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда ё1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади. “Геология-қидирувдан тайёр маҳсулот олишгача бўлган тўлиқ занжир энергия мувозанатини таъминлайди”, “Янги Ўзбекистон бизга катта орзулар қилишни ўргатди”, “Инсон ҳаёти хавфсизлиги ҳар нарсадан устун”, “Виртуал олам имкониятми ёки хавф?” каби мақола ва саҳифаларда бугунги кун манзаралари, ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.
“Халқ сўзи”да эълон қилинган “Мамлакатимиз гавҳари бўлган Жиззах Янги Ўзбекистоннинг саноат марказларидан бирига айланмоқда” номли саҳифа орқали давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига қилган ташрифи тафсилотлари билан танишасиз. “Давлат улушини қисқартириш эвазига хусусий секторни ривожлантириш – давр талаби” номли мақолада Олий Мажлис Сенати Кенгашида сенаторлар хусусийлаштириш бўйича ҳудудлар ва тармоқларда фойдаланилмаётган имкониятлар, бўш турган жойларни иқтисодий активга айлантириш, аукционга чиқарилган тайёр биноларни сотишда йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратишгани эътиборли. “Имтиёзли кредит ажратишда коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш белгиланмоқда” номли мақолада тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли кредит ажратишда кооррупция омилларини бартараф этиш, жумладан, молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омилини чеклаш, бу борада рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни ривожлантириш масаласи таҳлил қилинган. Газетада эълон қилинган қуйидаги факт ва рақамларда Янги Ўзбекистон қиёфаси кўз ўнгингизда гавдаланади. Мамлакатимизда 2025 йилнинг биринчи ярмида 488,5 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2024 йилнинг шу давридагига нисбатан 6,6 фоиз ўсишга эришилган. Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра республикада фаолият юритаётган саноат корхоналари сони 59,0 мингтага етган. Натижада аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари улуши 12 957,9 минг сўмни, ўсиш суръати 4,5 фоизни ташкил этди. Бу борада айрим ҳудудларда республика кўрсаткичидан юқори натижа қад этилгани, хусусан, Жиззах вилоятида 9,9 фоиз, Навоий вилоятида 7,5 фоиз, Хоразм вилоятида 7,3 фоизга етгани, қувонарлидир.
“Hyrriyat”нинг бугунги сонида бир қатор чуқур таҳлилга асосланган мақолалар бўлса-да, ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган “Навоийда ҳаво ифлосланишига ким айбдор?” номли савол ва унга жавоб эътиборни ўзига жалб қилади. “Кўлами катта ишлар бўсағасида...”, “Бекобод ёруғ ўзгаришлар жараёнида...”, “Манзилига кечиккан хатлар”, “Қутлуғ қўл” каби мақолаларда муҳим мавзу – масалалар таҳлил қилинган, мушоҳада, мулоҳазалар юритилган. Фозил Фарҳод ва Замира Рўзиеванинг кўнгилга яқин шеърлари қалбдан жой олади. Тўлқин Эшбекнинг “Ватан ишқи қилар элни муштарак” номли дилномаси Ватан, Юрт, Миллат бирлиги ишқи ила лиммо-лим...
“Ma`rifat” – зиёлиларнинг, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаган барча устоз, мураббийларнинг минбари. “Ўтганларга тош отишга ундовчи танамиздаги вируслар қачонлардир ўладими?” номли катта мақолада оддий ўқитувчи, муаллимнинг мушоҳадалари, дил сўзлари акс этган. Ўқинг. “Тарихий хариталар йўқлиги дарс сифатини туширимоқда”, “Беҳбудийнинг сўнгги манзили”, “Амир Темур ва Абдуллохон – муштарак тақдир”, “Бухоро амири Саййид Олимхоннинг Бедилхонлик кечалари”, “Бухоро шаҳзодаси Муҳаммад Ҳусайн Мирий ким бўлган?”, “Туркий элнинг шиддати” каби ўнлаб мақолаларда тарих ва бугунги кун, таълим-тарбия ҳақида сўз боради.
“Oʻzbekiston ovozi”нинг бугунги сонида эълон қилинган “Ёлғизлик синдроми: замонавий дунё янги хатар билан юзма-юз турибдими?”, “Ануштегин ким бўлган?”, “Ижтимоий хизмат ва ёрдам барчага тенг етиб боряптими?”, “Аномал иссиқ ҳаёт учун хавфли” каби мақолаларда ўқувчи учун қизиқ маълумотлар бор. Атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг ҳикматлари, айниқса, ушбу сўзлари юракка ўқдек қадалади: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “иҳ” дейдиган йигит эмасман... Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир”...
“Mahalla” бугунги маҳалаларимиз, жамиятимиз ҳаётини ўзида акс эттирадиган кўзгу. “Маҳалла”дан ўрганадиган нарсамиз ҳали жуда кўп”, “Рақамли маҳалла” – қулай, тезкор ва самарали платформа”, “Ҳар жабҳада ҳаёт қайнайди, эҳтиёж ва заруратлар тўхтаб қолмайди”, “Имконият ва имтиёз кўп, баҳонага асло йўл йўқ”, “Иссиқ об-ҳавода масофадан ишлаш мумкинми?”, “Фирибгарлардан ҳимояланиш йўли бор...(ми?), “Уяли алоқа воситаси уйдаги ҳаловатнинг ўғрисига айланяпти” каби ихчам-ихчам мақолаларда берилган муҳим ахборот, маълумот, мулоҳаза-мушоҳадалар ўқувчини “Маҳалла”га ипсиз боғлаб қўяди.
Бугунги газеталарни ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА