-
“Янги Ўзбекистон”да ўқувчи эътиборини тортадиган бир қанча мақолалар эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Словения Республикасига расмий ташрифи тафсилотларига оид “Ўзбекистон – Соловения: Икки томонлама муносабатлар мунтазамлиги учун олий даражадаги мулоқотларни фаоллаштириш муҳим” номли саҳифа ана шулар жумласидан. “Кўп томонлама ҳамкорликнинг ишончли даврига қадам қўйилмоқда” саҳифаси ҳам юқорида таъкидланган Ўзбекистон – Словения дўстлиги, ҳамкорлиги истиқболларига бағишланади. “Биз танлаган йўл” рукнида берилган “Миллат фидойилари” мақоласида ҳеч қачон ўчмайдиган миллат қаҳрамонлари ёди ҳақида сўз боради. “ЖСТга аъзо бўлиш дунё бозоридаги ўрнимизни мустаҳкамлайди”, “Кўкдала тарвузи эксперт қилина бошлади”, “Осмону фалакларда”ги нафис мажлис”, “Бир авлод келмоқда” каби мақола, саҳифаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, ютуқлар, кеча ва бугуннинг ёрқин саҳифалари ўз аксини топган.
“Халқ сўзи”да ҳам бир қатор таҳлилий мақолалар берилган. “Самарали ва дўстона мулоқотлар Ўзбекистон – Словения муносатларида ёрқин саҳифа очди” мақоласи ана шулар жумласидан. Азиз Санжар: “Алишер Навоий номидаги мукофот мен учун Нобель мукофоти каби азиз ва қадрлидир” мақоласи Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида, асли туркиялик олим Нобель мукофоти соҳиби, Ўзбекистон Миллий университети фахрий доктори, Самарқанд давлат университетининг фахрий профессори Азиз Санжар туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги мукофотга сазавор бўлгани ҳақида сўз боради. “Миллий мақсадлар йўлидаги улуғвор қадам” мақоласи Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик берадиган имкониятлар ҳақида, албатта ўқинг. “Экотизимларни ҳимоялаш – инсоният келажаги ҳамда тараққиёти кафолати”, “Ҳамкорликнинг имконият ва истиқболлари” каби мақолаларда ўзгараётган жамият, ўз ишига янгича ёндашаётган инсонлар ҳаётидан лавҳалар, эртанги кунга ишонч туйғулари акс этган.
“Jadid”нинг бугунги сонида эътиборни тортадиган мақола бу шубҳасиз профессор Баҳодир Каримнинг “Ҳерман Вамбери ва икки ўзбек шоири” мақоласидир. “Фидойилик мезони”, “Ватан унутмайди қаҳрамонларни”, “Маърифат йўли, албатта, босиб ўтилгуси”, “Миллатпарвар”, “Алданган кутилганлик”, “Буҳтонлар исканжасида” каби мақолаларда ҳаёт ҳақиқатлари, олам ва одам, чин инсон қисмати, ўзидан ёрқин из қолдирган боболар нафаси ва қалб тубидаги оғриқлар зарбини ҳис қилиб турасиз.
“Адолат”да эълон қилинган “Аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш – давр талаби” номли мақолани албатта ўқинг. Унда куннинг муҳим ва оғриқли масалаларидан бир таҳлил қилинган. “Айбномага айланган тарих ҳақиқатлари”, “Имтиёз қачон, кимга ва нима учун керак?”, “Аҳолининг дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш тақиқланади”, “Яхши тарбия учун китоб, шогирд учун етук устоз керак!” саҳифаларда бугунги ҳаёт, инсон ва жамият, тиббиёт соҳасида олиб борилаётган хайрли ишлар ўз аксини топган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА