Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:02 / 2025-01-30

-

“Янги Ўзбекистон”да “Ислом цивилизацияси маркази – Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик мактаби, илмий-маънавий салоҳиятимиз рамзи” номли саҳифа эълон қилинган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29 январь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишгани ҳақида сўз боради. Зарбдор тажрибаси, муқобил энергия асосидаги ёритиш ва иссиқлик таъминоти, иссиқхонадан келаётган даромад, бепарво ва лойқайдлик, миллий фильмлардаги тил муаммоси каби мақолалардаги таҳлил, ташаббус, муносабат, мулоҳазаларда бугунги инсон ва жамият манзаралари акс этган.

“Халқ сўзи”да ўқувчи эътибор қаратиши мумкин бўлган мақолалар анчагина. “Болаларни овқатлантириш – жамоатчилик назоратида”, “Даромад ва харажатлар мувозанатини таъминлашга имкониятлар етарли”, “Аҳоли манфаатлари ҳимояси йўлида” каби мақолалар қонунчиликда амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳақида. “Оила бахти, фарзандлар камоли”, “Ижарадан – шинам уйларга” мақолаларида хотин-қизларнинг билим олиши, илмли бўлиши нафақат оиласи, балки жамият учун ҳам фойдали экани, шунингдек, фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшиланаётгани акс этган. “Таълим тараққиёти – ривожланиш кафолати”, “Лолазор”нинг ярми бўстон, ярми...” каби саҳифаларда  инсон ва жамият ҳақида сўз боради. 

“Ishonch”нинг бугунги сонини, албатта, ўқинг.  Муҳаббат Турабоеванинг “Яқин ўн йилда ўзбек тилида нота дафтари кўрмаганман” ёхуд нота тўпламсиз берилаётган мусиқий таълим ҳақида мулоҳазалар” номли мақоласини ўқиркансиз, уйқудан уйғонгандек бўласиз. Наҳот-ки, бепарволик шунчаликми?.. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги нима деркин бу ҳақда?.. “Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи қанча?”, “Важ қанчалик асосли эди?”,  “Алиевни кўрмадингизми?”, “Орзудан муваффақиятгача...”, ”Жимгина сўзлаётган тарих”, “Лайк ортидаги иллат: ёшларни нима кутмоқда? каби мақолаларда ўзгараётган жамият, одамлар, ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.

“Жамият” – бугунги жамият муаммолари билан нафас олади. “Тоқат қилиб бўлмас қилмиш” саҳифасида бугунги кунда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг баркомол авлод бўлиб етиштириш, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, ушбу қонун 2025 йилнинг 15 майдан кучга кириши ҳақида сўз боради. “Сунъий интеллект келажак технологиясими?”, “Мармартошга муҳрланган ҳикматлар”, “Юракнинг малҳами”, “Жон бериб, дардинг олиб кўксумда асрармен, не айб...” каби мақолалардаги оғриқ, огоҳлик ва мулоҳаза – мушоҳадалар сизни бефарқ қолдирмайди.

“ХХI ASR” Жалолиддин Румийнинг ушбу ҳикматли сўзлари билан бошланади: “Яхшилик изла, тўғрилик изла, гўзаллик изла, аммо айб излама”. Бу нафақат газетанинг бугунги сони шиори, балки ҳар бир инсоннинг ҳаёт шиори бўлмоғи лозим. Энг муҳими, унга амал қилиб яшаш... “Ижодий ўзгаришлар шиддатининг ёрқин эътирофи”, “Чиқинди қабул қилувчи банкоматлар керак...ми?” каби саҳифа, мақолаларни ўқиганда жамиятнинг бугунги манзаралари, бугунги кун муаммолари кўз ўнгингизда пайдо бўлади.  Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолованинг “Беҳбудий қандай тўй қилган?” номли мақоласининг сарлавҳасиёқ кишини ўйга толдиради. Унда Беҳбудий тилидан шундай сўзлар бор: “Бир карра диққат қилинсун, бирор яҳудий ва ўрус ҳеч вақт тўй деган балоға беш минг сўм, ҳатто бир-икки минг сўм сарф қилгани эшитилмайдур. Биз бўлса, йигирма минг сўмлаб сарф этармиз. Кошки бу пул ўзимизники бўлса, эндики ёлғиз исроф гуноҳи ила қутулар эдик, йўқ балки биз ҳақ қулидин қўрқадурғон мусулмонлар бошқалар ақчасини барбод этиб, охиратға қарз, дунёга кулфат ортдирамиз”... Мақолани ўқинг.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Дала четларидан қанчалик самарали фойдаланиш мумкин?”, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида даромад топаётган маҳалла”, “Қишлоқ хўжалигида органик озиқлантириш юқори ҳосилдорлик гарови”, “Америка лола дарахтининг сирлари Ўзбекистонда очилди”, “Каналлар бетонлаштирилиб, экин майдонларининг сув таъминоти яхшиланмоқда” каби мақолаларда бугунги қишлоқ ҳаёти, қишлоқ одамлари ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг.

 ЎзА