Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:03 / 2024-12-11

-

“Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган “Тошкент вилоятида иқтисодиётнинг барча соҳаларида жуда катта имкониятлар бор”, “Озиқ-овқат саноати: маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди” номли саҳифаларда 10 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида қўшимча имкониятларни ишга солиш, иш ўрни ва инвестицияни кўпайтириш масалалари бўйича ўтказган йиғилиш тафсилотлари, шунингдек, давлатимиз раҳбарига озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2025 йилги режалар бўйича ахборот берилгани хусусида сўз боради. “Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар”, “Ўзликни англаш саодати ёхуд юртимиз тараққиётининг устунлари”, “Шарафли касбнинг улуғ неъмати”, “Ишончни оқлаш фурсати”, “Нариги қирғоқдаги аёл” каби мақола ва саҳифаларда бугунги кун манзаралари, ҳаёт ҳақиқатлари акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам ўқувчи эътиборини тортадиган муҳим мавзулар кенг ёритилган. “Иқтисодиётнинг энг муҳим драйвери” саҳифаси, айниқса, эътиборни тортади. Унда шундай маълумотлар бор: “Охирги беш йилда тоғ-кон ва металлургия соҳасига қарийб 9,5 миллиард долларлик инвестиция жалб қилиниб, 15 та йирик лойиҳа ишга тушган. 2025 йилда тоғ-кон ва геология соҳасидаги лойиҳаларга 1 миллиард долларлик инвестиция жалб қилинади; каолин ишлаб чиқариш 50 фоизга ошади; кўмир қазиб олиш 10 миллион тоннага етказилади, шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси ва Ўзбекистон металлургия комбинатида янги қуюв прокатлаш мажмуаси ишга туширилиши айтилади. “Адолатли жамият барпо этишда мустаҳкам замин”, “Ҳуқуқий нормаларда инсон манфаатлари устувор”, “Маъмурчилик бунёдкорлари”, “Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси” каби мақолаларда Янги Ўзбекистон манзаралари акс этган.

“Hyrriyat”нинг бугунги сонида бир қатор эътиборни тортадиган мақолалар бор. Таниқли шоира, устоз журналист  Муҳтарама Улуғованинг “Бир балоси бўлмаса...” номли мақоласида кўтарилган масала, саволлар кишини ўйга толдиради. Муаллиф ижтимоий тармоқларда фаолияти кўп таҳлил қилинаётган, тилга олинаётган табиб Иқбол Солиев билан боғлиқ фикрларини ўртага ташларкан, жумладан шундай ёзади: “Халқимизда “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур” деган гап бор. Қизиқ, жойи келса, бир бечораю шўртумшуқнинг эмин-эркин писта сотишига йўл қўймайдиган назорат органлари нима учун Қўқонда неча юзлаб кишини чув тушираётган бундай сохта табиблар фаолиятига кўз юмиб туришибди? Лоқайдлик, бепарволик ва ҳаракатсизлик ортида нима яширин? Ёхуд Иқбол “табиб”нинг чиндан ҳам “кўр кўзларни” очаётгани, умр бўйи юролмаётган чўлоқларни чопқиллатиб юбораётгани ҳақиқатми? Агар шундай бўлса, тегишли муассасалар томонидан бу очиқ-ойдин эътироф этилиши, бундай бўлмаса, бу қаллобликка зудлик билан тегишли чора-тадбирлар кўрилиши лозим эмасми?!”. Албатта, ўқинг. Газетада эълон қилинган “11705-шахсий иш ёхуд жадид Саидризо Ализода ҳаётига оид янги маълумотлар”, “Ҳаловатдан фожиагача бир қадам”, “Қолган ишга қор ёғди”, “Сунъий интеллект керакми?” каби мақолаларда ҳам муҳим мавзу – масалалар таҳлил қилинган, мушоҳада, мулоҳазалар юритилган.

“Ma`rifat” – зиёлиларнинг, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаган барча устоз, мураббийларнинг минбари. “Мактабга миллий гвардия ходими керак!”, “Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари белгиланмоқда. Мақсад нима?”, “Ўқитувчи дангасами ёки?..”, “Кубро ҳақиқати: ёлғон ва ҳақиқат”, “Маданият ва санъат соҳасида кадрлар қўнимсизлиги ва мутахассислар миграцияси”, “Замин дарғаси” ёхуд бир асар тарихи”, “Устоз олдидаги қарз” каби ўнлаб мақолаларда таълим-тарбия, бу борадаги баъзи муаммо ва қусурлар ҳақида сўз боради.

“Oʻzbekiston ovozi”нинг бугунги сонида эълон қилинган “Уй-жойлар хариди хавфсиз ва ишончли бўлиши лозим” саҳифасида кўпчиликни қизиқтирадиган масала таҳлил қилинган. Мақола муаллифи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси раиси ўринбосари, иқтисод фанлари номзоди Улуғбек Вафоев бу борада Россия, Германия, АҚШ, Канада, Хитой каби давлатлар қонунчилигидаги механизмларни таҳлил қиларкан, айни пайтда “Уй-жой қурилишида фуқароларнинг ҳиссадорлик иштирокини тартибга солиш ва уларнинг молиявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мутахассислар томонидан муҳокама қилинаётганига эътибор қаратади. “Бюджет ижроси бўйича маблағларнинг натижадорлиги аниқ кўрсатилиши лозим”, “Газ чекланди, бензин ҳажми ошди”, “11 ойда олтин захирамиз 20 фоизга ошган” каби мақолаларда ўқувчи учун қизиқ маълумотлар бор.

“Mahalla” бугунги маҳалаларимиз, жамиятимиз ҳаётини ўзида акс эттирадиган кўзгу. “Маҳаллаларда 97 фоиз дарах кўчатлари экиб бўлинди” саҳифасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айлангани, ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси янада жонлангани ҳақида сўз боради. “Алимет миқдори нега ошди?”, “Иссиқхона ишсизлар бандлигини таъминлади”, “Айрим ёшлар давлат ишига танловсиз қабул қилинади”, “Ҳунармандчилик соҳасида рўйхатдан ўтганлар 70 фоизга ортди”, “Иккинчи имконият”, “Боламни олиб кетаман”, дегани билан оиладан низо тинчиб қолмайди” каби ихчам-ихчам мақолаларда берилган муҳим ахборот, маълумот, мулоҳаза-мушоҳадалар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

“Milliy tiklanish”да ҳам ўқувчи эътиборини ўзига тортадиган қизиқарли мақолаларга дуч келасиз. “Ўн саккиз миллионлик жарима озми, кўпми?”, “Дарахткушлик хўжакўрсинга ёхуд сохта “Ватанпарварлик” учун дарахт экмаслик ҳақида мулоҳаза”, “Россия ва Марказий Осиё: муносабатлар таранглашишидан манфаатдорлар борми?”, “Қачон ўқийдиган миллат бўламиз?!”, “Энди зангиоталиклар вилоят ҳокимига арз қилишмоқчи” каби мақолаларда акс этган “оғриқ”ларни қалбингизда ҳис қилиб турасиз.

Бугунги газеталарни ўқинг...

ЎзА