-
“Янги Ўзбекистон” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни иккита тақдимот – қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ижроси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда туризм соҳаларидаги таклифлар билан танишгани ҳақида хабар – шарҳлар беради. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, сиёсий фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Қуронбоевнинг “Буюк ўзбек йўли” рукнида берилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” мақоласи эътиборли. – Хўш, фаровонлик нима дегани? Айтиш керакки, бу тинимсиз изланиш, интилиш демакдир. Яшаш учун тўла-тўкис шароитга эга бўлиш, имкониятларни юзага чиқариш, тинчлик-хотиржамликда умр кечириш, дегани. Фаровонликка ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг учун инсон ўзини қийнаши, ҳаракат қилиши, яхши ҳаёт учун имкониятлар излаши керак, дея ёзади муаллиф. Газетада Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо хонимнинг “Дунё” ахборот агентлиги мухбири саволларига жавоби, турли мафкура ва янги ғоялар рақобати, соғлом фарзанднинг дунёга келиши, термизийлар мероси, фараҳбахш кунлар ёғдуси руҳи акс этган мақола, саҳифаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, ютуқлар, кеча ва бугун, ўзгараётган жамият манзаралари акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган муҳим тадбирлар, “Одиль Рено-Бассо: Биргаликдаги саъй ҳаракатларимиз Ўзбекистонга йиллик инвестицияларни босқима-босқич 1 миллиард еврога етказиш имконини беради”, “Адлия сайли”: муаммолар ечими, билимлар синови ва ҳуқуқий саводхонлик”, “Фаровонликка элтувчи умуммиллий ҳаракат”, “Яхшиликнинг мукофоти”, “Атоқли шоирнинг икки беназир тўплами”, “Европага сабоқ берган ўзбек алломалари” каби мақолаларда инсон ва жамият, фаровонлик сари муҳим қадамлар, миллий руҳ ва унга озуқа берувчи омиллар ҳақида сўз боради.
“Jadid”нинг бугунги сонида ўқишга арзигулик материаллар бир талай. Ҳумоюн Акбарнинг тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Аҳмадали Асқаров билан “Ўтмиш ва келажак туташган нуқтада” номли суҳбатини, албатта, ўқинг. “Миллат ифтихорига айланган даҳо”, “Ватан кўнгилдадир, кўнгил Ватанда”, “Қарс икки қўлдан... Қарз-чи?”, “Арминий Вамбери ўзбек диёри ва алломалари ҳақида”, “Нафс, жисм ва руҳ” каби мақолаларда эгилиб, букилиб синмаган ҳақиқат, олам ва одам, чин инсон қисмати, ўзидан ёрқин из қолдирган жадидлар нафасини ҳис қиласиз.
“Vatanparvar” – ёшлар қалбига хитоб қилгувчи, Юрт, Ватанни севишга чорловчи газета. “Сиз мени ўқитгансиз!”, “Қимматли пойдевор”, “Ота-оналарга раҳмат десалар бас”, “Тайёргарлик қандай кетмоқда?”, “Хабарчи қушлар”, “Кул босган чўғлар” каби мақолалар, атоқли шоир Усмон Азимнинг “Жанг қил, била туриб мағлубиятни” номли туркум шеърларида Ватанга муҳаббат туйғулари устувор.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА