-
“Янги Ўзбекистон”нинг бугунги сони Палампиячилармизнинг Париждаги улкан ғалабасига бағишланган катта саҳифа билан бошланади. “Ғолиблик, ғалаба туйғуси қонимизда бор. Янги Ўзбекистон тарихининг чинакам янги саҳифаси очилди”, “Янги рекорд, янги марралар байрами” каби мақолаларда ғалаба сари босиб ўтилган машаққатли йўл, шоҳсупага кўтарилишлар, юрт байроғининг чемпионлар шарафига ҳилпираши, мадҳиямизнинг янграши жараёнлари акс этган. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг “Париждан таралди ўзбекнинг нури” шеъри шундай сатрлар билан бошланади:
Хушхабар муборак ўзбек элига,
Шукрин нурин тўкар очган қўлига.
Шодлиги сиғмайди бугун дилига,
Қувонч қўша келса, қутлагинг келар,
Қаддинг тутиб, қадринг бутлагинг келар...
Ҳеч қачон сўнмасин миллатнинг қўри,
Ғолиблик сурури, мардлик сурури,
Париждан таралди ўзбекнинг нури,
Шоирман – бу бахтни қоғозга солдим,
Кўклаган кўнглимни парвозга солдим...
“Ўзбекистон дунё тўқимачилик саноатида етакчи давлатлардан бирига айланмоқда”, “Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди”, “Тоғликларнинг азалий орзуси ушалди” каби мақолаларда бугунги давр талаблари, ижобий томонга ўзгараётган инсон ва жамият манзаралари акс этган. Газета мухбири Ирода Тошматованинг “Ипотека кредити олиш осонлашди, тўлаш-чи?!” номли мақоласида долзарб масала кўтарилган. “Ипотек кредити олишни режалаштираётган ёки аллақачон шундай кредит олиб, ҳар ойлик тўловни амалга ошираётган кишилар кўпинча фоизларни кузатиб боради. Кредит фоизининг энг кичик миқдорда ўсиши ҳам ҳар ойлик тўловларнинг сезиларли ошишига олиб келади. Шу боис, жорий йилнинг 25 июль куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисидаги қарорни қабул қилганида одамлар кредитлар фоизлари тушишидан ҳам умид қилди. 2017 йилдан буён ўзгаришсиз сақланиб келаётган 14 фоизлик ставканинг ярим фоизга туширилиши катта вақелик эди. Чиндан ҳам юртдошларимиз кутганидек бўлди ва Марказий банк томонидан белгиланган ипотека кредити фоизлари амалдаги 18 фоиздан 17,5 фоизга туширилди...”, деб ёзади муаллиф . Мақолани, албатта, ўқинг.
“Халқ сўзи”да эълон қилинган “Матонатли спортчиларимиз ватанга ёруғ юз билан қайтишди” саҳифасида Париж шаҳрида 28 августдан 8 сентябрга қадар бўлиб ўтган XVII Паралимпия ўйинларида 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон пара спортчилари кеча Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олингани, ғолиб ва совриндорларга Пезидент совғаларини топширилиши жараёнлари акс этган. Жаваҳарлал Неру университети Халқаро тадқиқотлар мактаби профессори Санжай Пандей Кумарнинг “Ўзбекистондаги жадал ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонмоқда” номли дилнома – эътирофи эътиборли. “Тўқимачилик саноати ва мода индустриясининг нуфузли форуми”, Миср Араб Республикасининг машҳур Ал-Азҳар университети профессор-ўқитувчиларининг Сенатда меҳмон бўлиши, тадбиркорлик, инсон манфаатлари, сифатли таълим масалалари акс этган мақолаларда янги давр нафасини ҳис қиласиз. “Биз сув ичган ариқлар қани?” номли мақолада аччиқ, аммо очиқ гаплар айтилган.
“Ishonch”да Парижда бўлиб ўтган XVII Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини Тошкентда Ҳукумат раҳбарлари, тегишли давлат ташкилотлари мутасаддилари иштирокида кутиб олиш жараёнлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида ғолиб ва совриндорларга пул мукофотлари сертификати, Президент совғалари бўлган автомобилар ва хонадон калитлари топширилгани акс этган саҳифа эълон қилинган. “Ҳар бир миллатнинг юраги тилидир” мақоласида Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикмати руҳи акс этган. Тил яшаса, миллат ҳам яшаши, барҳаёт бўлиши яна бир бор эслатилади. Газетада Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти бўлим мудири, биология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Расулов билан қилинган “Қишлоқ хўжалиги соҳасида дунё гигантига айланишимиз мумкин” номли суҳбатда жуда муҳим, долзарб мавзуларда сўз боради. Агар этибор берилса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда дунёда етакчи давлатлардан бирига айланиши мумкинлиги таъкидланади ва аксинча, ер ва деҳқончилик илмий асосланмаган йўлдан кетишда давом этса, бугунги кунда 4 миллионга яқин суғориладиган – деҳқончилик учун мавжуд яроқли майдон кимёвий воситаларни граммлаб эмас, килограммлаб, тонналаб қўлланилаётгани боис, ерларимиз ҳосили пасайиб кетиши, ҳатто умуман экин етиштириб бўлмайдиган ҳолатга келиши мумкинлиги айтиб ўтилган. Таниқли журналист, сиёсий шарҳловчи Аброр Ғуломов (Аброр Хон)нинг “Нишонда элчихона” номли мақоласини ҳам, албатта, ўқинг. Жуда қизиқ...
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА