_
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида муҳим лойиҳалар, таълим ва тиббиёт масканлари, инфратузилма иншоотлари фойдаланишга топширилиши муносабати билан 29 август куни пойтахтимиздаги шундай иншоотлар билан танишганига оид катта саҳифа эълон қилинган. “Паралимпия: биринчи кун – икки медаль” номли хушхабардан кўнгил ғурурга тўлади. “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” рукнида берилган “Қонлар, жонлар ва кўз ёшлар эвазига қўлга киритилган буюк неъмат”, “Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида халқаро савдо маркази очилди”, “Патентланган маҳсулот. Нега ҳаммаси ҳам давомли ишлаб чиқарилавермайди?”, “Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси”, “Энди дорихоналарда “Мақом капсуласи” ҳам бўлади” каби мақола, саҳифаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами, ютуқлар, кеча ва бугун, миллий қадриятларимиз акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам давлатимиз раҳбарининг 29 август куни пойтахтимиздаги бунёдкорлик ишлари билан танишгани тўғрисида “Аҳоли саломатлиги ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар” номли саҳифа эълон қилинган. Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” иккита Қонуни эълон қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг “Инсон қадри улуғланган юрт” мақоласида шундай сўзлар бор: “Албатта, эришилаётган катта-катта ютуқлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Лекин бутун дунёда кескин рақабат, айрим давлатлар ўртасида қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора авжига чиқиб бораётган бир даврда юртимизда бир маромда, барқарор ривожланишни таъминлаш, тинчлик-осойишталикни сақлаш ҳамда прагматик, очиқ ташқи сиёсатни самарали йўлга қўйишнинг ўзи бўлаётгани йўқ. Буни ҳар бир юртдошимиз чуқур англаб етиши зарур. Давлатимиз раҳбарининг, энг аввало, халқимиз манфаатини ўйлаб юритаётган адолатли, халқчил сиёсати, юртдошларимизнинг биргаликдаги шарафли меҳнати орқали мана шу ютуқларга эришмоқдамиз”...
“Адолат”да бир қатор яхши, таҳлилий мақолалар эълон қилинган. 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан берилган “Жадид, дипломат Акбар Ўрозалиев” номли мақола берилган. Акбар Ўрозалиев ким эди? У Жазо муддатини ўтаётганда маҳбуслар орасида аксилинқилобий тарғибот олиб борган, маҳбусларни ишга чиқмасликка чақирган. Унинг аксилинқилобий фаолияти натижасида ишдан бўйин товловчилар сафи кўпайиб борган. НКВД “учлиги” Акбар Ўрозалиевни отувга ҳукм қилишга қарор қилган. Унга тегишли мулк мусодара қилиниб, ҳукм дарҳол ижро этилган. Шунда у эндигина 47 ёшда кирган эди... Мақолани, албатта, ўқинг. “Сиёсий кучлар сафида раҳбар аёллар кўпайиши тарафдориман”, “Диёримиз довруғини дунёга таратган чемпионлар” каби саҳифаларда бугунги ҳаёт, инсон ва жамият, ютуқларини олам тан олаётган Ўзбекистон акс этган.
“Vatanparvar” – ёшлар қалбига хитоб қилгувчи, Юрт, Ватанни севишга чорловчи газета “Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муборак!” номли саҳифа билан бошланади. “Такомиллашаётган ҳарбий саноат”, “Амударёда байрам шукуҳи”, “Ғалаба шоҳсупаси сари”, “Саидносир Миржалилов қисмати”, “Абдулла аканинг мактуби...”, “Юрагида тулпорларнинг дупури”, “Дадам ҳақида ёзинг” каби мақолалар замирида Ватанга муҳаббат туйғулари устуворлигига гувоҳ бўласиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА