English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда...
10:13 / 2024-07-23

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан ахборот берилгани тўғрисида шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Фармойиши эълон қилинган.

Бирлашган  Миллатлар Ташкилоти собиқ Бош котиби, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси Пан Ги Муннинг “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида шундай сўзлар бор: “Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақа ҳаётини янада яхшилашга ёрдам берадиган ўзгаришлар занжирини яратади”... Газетада эълон қилинган “Камбағаллик – катта айб, агар у дангасалик ортидан келган бўлса...” номли мақола ҳам кўпчилик учун қизиқ бўлиши шубҳасиз. Камбағаллик ҳамма замонда бўлган. Аммо, бу масала кўп йиллар Ўзбекистонда ёпиқ мавзу бўлиб келди. Фақат 2020 йил 24 январь куни Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирилди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Мақола, албатта, ўқинг. “Сурхонда лаванда етиштирилмоқда”, “Париж – 2024. Юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан”, “Аждодларга эҳтиром инсон қадридан далолат”, “Огоҳлик номалари” каби мақола, саҳифаларда ислоҳотлар, инсон ва жамият, тараққиёт ва аждодларга эҳтиром туйғулари акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан ахборот берилгани тўғрисида шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Фармойиши, шунингдек, Бирлашган  Миллатлар Ташкилоти собиқ Бош котиби, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) Ассамблеяси президенти ва Кенгаши раиси Пан Ги Муннинг “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюси эълон қилинган. “Сенат Раиси аёллар бандлигини таъминлаш ишлари билан танишди”,  “Интеллекти ва малакаси юқори кадрлар – тараққиёт кафолати”, “Айрим соҳалардаги ҳуқуқий бўшлиқ мустаҳкам қонунчилик орқали бартараф этилади” каби ўқувчи эътиборини тортадиган бир қатор муҳим мақола ва саҳифалар билан ҳам танишасиз. Иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаевнинг “Ўзбекистон танлаган йўл” мақоласи, айниқса, эътиборли. “Йил бошидан буён мамлакатимизда яратилган қўшилган қиймат 6,4 фоизга кўпайиб, 567,4 триллион сўмга, яъни 45,1 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткич илгари кузатилмаган бўлиб, эришилган ютуқлар тўғри танланган ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати самарасидир” деб ёзилади мақолада.

“Ishonch” Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоеванинг “Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар” фахрияси билан бошланади. Муаллиф, фикрларига хулоса ясаркан, қалбидан шундай нидолар отилиб чиқади: “...Миллат бор бўлса, бир бўлса, чок-чокидан сўкилмайдиган ғафлат, ҳақиқат овозига айланмайдиган сукунат, маърифатга йўл бермайдиган жаҳолат, умид, ишонч қадар юксалмайдиган армон қолармиди?”...

                     Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар,

                     Ҳар ҳарфи бир шунқор – ушлаб турар туғ.

                     Шунқорим, туғингни маҳкамроқ ушла,

                     Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ.

“Деҳқонободлик муаллимга салкам саксон бир миллион сўм ундириб берилди”, “Савиясиз сериаллар бор экан...”, “Тошкент авиация заводи нега тугатилган эди?” каби мақолалар мавзулар ранг-баранглиги, муҳим масалалар таҳлилига бағишлангани билан эътиборли. 

Бугунги газеталарни ўқинг.  

                                                                                                         ЎзА