Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бугун: газеталарни варақлаганда...
11:11 / 2024-07-17

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 июль куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишгани тўғрисида шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан танишасиз.

“Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик оддий одамлар ҳаётида қандай ўзгаришларга йўл очади?” номли таҳлилий мақола эътиборли. “ЖСТга аъзо бўлиш оддий одамларга нима беради? Бу борада шиширилган рақамларни келтириш ниятим йўқ. Таҳлилларга кўра, ЖСТга кирганимиз фойдаси дарров сезилмайди. Тўғри, қўшимча 1 фоиз ўсиш бўлса ҳам аҳолининг йиллик даромади 20 доллар ошади, буни шунчаки сезмай ҳам қолиш мумкин. Бироқ халқаро ташкилотга киришимизга қаршилик кўрсатаётган гуруҳларнинг айримларига таъсир сезиларли бўлади. Чунки улар олаётган имтиёз камаяди. Айнан шунинг учун ҳам, назаримда, савдо эркинлашуви масаласида олдинга силжиш қийинроқ кечаётгандек. Савдога эркинлик эса ЖСТнинг асосий талабларидан” дея ёзади муаллиф. “Аралаш сайлов тизими ва унинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ҳар қарич ер манфаат келтириши керак”,”Киссага фойда, бироқ жамиятга зарар”, “Елпиғичда акс этган ҳикмат” каби мақолалар ҳам инсон ва жамият, муҳим масалалар таҳлилига бағишланади.

“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 июль куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишгани тўғрисида шарҳ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган. Газетанинг биринчи саҳифасидан ўрин олган “Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида энг кўп оилавий корхоналар фаолият кўрсатмоқда?” саҳифасида бугун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 42, 8 мингта оилавий корхоналарнинг ҳудудлар кесимидаги сони – ҳолати билан танишасиз. “Ўзбек ва қирғиз – тарихи муштарак, тили ва дили яқин халқлар”, “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолати таъминланади”, “Шоирнинг буғдой сўзи” каби мақолаларда куннинг муҳим янгиликлари, жамиятнинг бугунги ҳаёти акс этган.

“Hyrriyat”да “Сув: таҳдидлар, муаммолар ва ечим” номли долзарб мавзуга бағишланган мақолани, алббата, ўқинг. “Инсон танасининг 55-65 фоизини, энди туғилган чақалоқларда эса 90 фоизгача сув ташкил қилади. Сув – инсонлар ҳаётида тирикликни белгилайдиган ёки сайёрамизда энг кўп фойдаланиладиган ва турли сабабларга кўра катта тезликда камайиб бораётган ресурслардан бири. Сув – эндиликда ҳатто давлатлараро келишмовчилик ва баҳсларга сабаб бўладиган омиллардан бири бўлиши мумкин” деб ёзилади мақолада. “Табиат юзидаги чандиқ”, “Дунё – кураш майдони “, “Кибержиноятчиликка қарши кибермаданият”, “Уйдаги гап кўчада” саҳна орқали” каби мақолаларда бугунги ҳаёт манзаралари акс этган. Таниқли шоир Икром Отамурод ва озарбайжонлик шоир Фойиқ Балабейлининг шеърлари кўнгиллардан жой олади.

“Ma`rifat” – зиёлиларнинг, таълим-тарбияга бефарқ бўлмаган барча устоз, мураббийларнинг минбари. “Малика Раҳмонова: Ўқитувчилар айбдорми?”, “Дилноза Сапаева: Иш ярмаркасидан талабага нима фойда?”, “Билим жанглари майдони – “Заковат”, “Амалиёт: устозликни ҳис этган куним!”, “Китоб ўқинг, орзунгизга етасиз”, “Илмсизликдан дипломсизликкача”, “Тарихимизнинг сирли саҳифалари”, “Тармоқларда тарқалган гапларда ишонч борми?”, “Жадидлар меросини асрай оламизми?” каби мақолаларда кўтарилган масалалар сизнинг ҳам дил дардингиз бўлиб, қалбингизда акс-садо бериб туради. Уларда таълим-тарбия, комиллик сари йўл, бу йўлдаги баъзи муаммо ва қусурлар ҳақида сўз боради.

“Milliy tiklanish”да ҳам ўқувчи эътиборини ўзига тортадиган қизиқарли мақолаларга дуч келасиз. “Зўравонликкнинг кичик қурбонлари” мақоласида шундай фактларга дуч келасиз: “... оилаларда маиший зўравонликлар сони ошиб бораяпти: 2023 йилда 14620 нақар шахс зўравон сифатида маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида бу кўрсаткич 16594 тани ташкил қилди. Ўтган йили эса жиноятлар сони 809 тага етди. Шундан 439 таси, яъни 54 фоизи томонларнинг ўзаро ярашгани муносабати билан тугатилган”. “Ноқонуний қурилган бекат бузиладиди...ми?”, “Ватанга “Vatan” муборак бўлсин!”, “Долларга сотилган кашфиёт ёки умид алангаси қачон ўчиши ҳақида”, “Нохолис ҳукм” каби мақолаларда бугунги ҳаёт, турмуш манзаралари акс этган.

“Oʻzbekiston ovozi”да бир қатор яхши мақолалар эълон қилинган. “Фарғона маррани баланд олган”, “Энди бошқача бўлади”. “Узун тумани ҳокимлигининг хаспўшланган муносабати” (мавзуга қайтиб...), “Хусусий университетларга лицензия бериш тўхтатиладими?”, “Буюк тамаддунга ворислик: Бурч ва масъулият” каби мақолалар ҳам газетхонни бефарқ қолдирмайди.

“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Етакчилар ўқув-семинари”,  “Ёшлар билан ишлашда давлат органларининг ҳиссаси”, “Ўзбекистон делегацияси Хитойда”, “Бутунжаҳон ёшлар фестивали. Унутилмас таассуротлар”, “Ҳам деҳқон, ҳам новвой” каби мақолаларда ёшлар ва жамият ҳаёти акс этган....

Бугунги газеталарни ўқинг...

                                                                                                     ЎзА