-
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 июнь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Inno” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки фаолияти билан танишгани, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилиши тафсилотларига бағишланган “Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш масалаларини ҳал қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим” саҳифаси берилган. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси – бош директори Қувондиқ Санақуловнинг “Янги замон муҳандисларини тайёрлаш саноат тармоқлари учун заруратга айланмоқда” мақоласи давлат раҳбарининг ведеоселекторда айтган фикрларига муносабат ўлароқ янграйди. “Ишбилармонлик тафаккур озиғи ёки тадбиркорлар билан ўтган йилги учрашувда кўтарилган масалалар амалиётга қанчалик татбиқ этилди?” саҳифасини, албатта, ўқинг. “Фарғонанинг ўзгача тимсоли яратилмоқда”, “Фикрат оламига китоб орқали йўл”, “Арундо донакс Орол денгизи муаммосига ечим бўла оладими?”, “Кўнгил Ҳажга отланганда...” каби мақолалар ўқувчи руҳига бегона бўлмаган масалалар таҳлилига бағишлангани билан эътиборли.
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 июнь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Inno” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки фаолияти билан танишиб, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилиши тафсилотларига бағишланган “Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш масалаларини ҳал қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим” саҳифаси эълон қилинган. “ЖСТ бош директори Нгози ОКОНЖО-ИВЕАЛА: Музокаралар жараёнини жадаллаштиришда Ўзбекистон Президентининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишдаги шахсий садоқати муҳим роль ўйнади” суҳбатидаги эътирофи кишини қувонтиради. “Жиддий таҳлилларга асосланган таклифлар”, “Узоқ истиқболга мўлжалланган лойиҳалар”, “Эгалик ҳуқуқи эътироф этилади”, “Инсон капитали – бебаҳо ресурс”, “Тоғлар чорлайди” каби мақолаларда инсон ва жамият, режалар, амалга ошаётган орзулар таҳлили акс этган.
“Jadid”нинг бугунги сони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Ашурнинг “Мен ватанимни, халқимни севаман!” саҳифаси билан бошланади. Унда пойтахтимиздаги ногиронлиги бўлган болалар учун мўлжалланган 1-сонли “Мурувват” интернат уйи, бу ердаги шарт-шароитлар, тарбияланувчилар ва ушбу “Мурувват” уйининг фахри, “Эзгу ният” китоби муаллифи, ёш ижодкор Ҳасан Асраев билан муаллифнинг самимий суҳбатига гувоҳ бўласиз. “Тараққий”дан “Jadid”гача”, “Дабдаба ва даҳмаза”, “Тоза маърифат суви”, “Магар чинор бўлсанг, чинордек яша...”, “Буюк ёлғизлик”, “Жадидлик: тил, имло ва алифбо” каби мақолалар орқали тарих ва бугунги кун ҳақиқатлари билан юзма-юз келасиз. “Jadid”ни ўқинг...
“Адолат”да бир қанча эътиборли мақолалар эълон қилинган. “Оромгоҳлар учун китоб керак эмасми?” мақоласи шулар жумласидан. Мақолада шундай аччиқ сўзларга дуч келасиз: “Энг ачинарли ҳолат шуки, учала дам олиш оромгоҳининг ахборот-ресурс марказларида эски ва яроқсиз китоблар борлиги аниқланди. Шунча йиллардан буён болаларимиз ушбу оромгоҳларга нафақат дам олиш, балки маънавий озуқа олишлари учун шароит яратилмаган, яъни ҳеч бир ташкилот ёки ҳомий томонидан китоб тақдим этилмаган экан!”... “Пабжи ўйини – “қотиллик” ка тайёрлаш мактаби...(ми?!”), “Ким айбдор? Томоша кутаётган болаларми ёки?!” каби мақолаларда кўтарилган муаммолар ҳаммамизни бирдек ташвишлантириши турган гап. Уларда кўтарилаётган оғриқлар ўқувчини ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасликка ундайди.
“Vatanparvar” – ёшлар қалбига хитоб қилгувчи, Юрт, Ватанни севишга чорловчи газета. Газета “Ўзбекистон ҳарбий авиация институтида илк битирув” номли саҳифаси билан бошланади. “Шарафга мушарраф ўғлонлар чегарачи бўлса...”, “Фарғонанинг замонавий тулпорлари”, “Турон маликалари тарихий асарларда”. “Берлин”дан “Оққўрғон”гача қандай тарих бор?”, “Елкамизда қамчи изи”, “Яхши сўзнинг қудрати”, “Жадидлар фаолиятининг асосий ғояси” каби мақолалар замирида Ватанга муҳаббат туйғулари устуворлигига гувоҳ бўласиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА