“Янги Ўзбекистон” “Самарали мулоқотларда кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди” номли саҳифа билан бошланади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 1 май куни учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа ва Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани, ўзаро ҳамкорлик ва Тошкент форуми имкониятлари ҳақида сўз боради. Газетада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, таниқли шоир Абдусаид Кўчимовнинг “Асра” номли шеъри ибратли даъват бўлиб янграйди. Лутфулла Сувоновнинг “Кўксинг тўлиб, тўйиб нафас ол” мақоласида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, юртимизда экологик вазиятни тубдан яхшилаш, инсон ҳаётига таъсир этувчи экологик муаммоларни бартараф этиш ҳақида сўз боради. “Халқимиз уйғоқ бўлса...”, “Ҳаммага бирдек фойда келтирадиган ташаббус”, “Жиноятчиликдан холи маҳалла”, “Институт қуёш панеллари ишлаб чиқаришни бошлади”, “Бўлғуси педагогларнинг янги авлоди қандай шароитда ўқияпти?”, “Саҳна ортидаги куч ёхуд рақамли тарғиботнинг кўз илғамас тузоқлари” каби мақолаларда тез суръатларда ўзгараётган жамият манзаралари ва ислоҳотлар самарасига гувоҳ бўласиз.
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги фармони, давлат раҳбарининг учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган делегация аъзоларини қабул қилгани тўғрисидаги саҳифа эълон қилинган. “Янги Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорларга эшиклари очиқ” мақоласи Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланади. “Мамлакат тараққиёти ва аҳоли манфаатлари кафолати”, “Пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик кучайтирилади”, “Китоб – беминнат устоз” каби мақолаларда масъулият, инсон ва жамият уйғунлиги, ўзликни англаш туйғулари акс этган.
“Ishonch” “Ўзбекистонда 1 майдан нималар ўзгаради?” номли саҳифа билан бошланади. Ихчамгина саҳифада ўқувчи учун жуда муҳим ахборотлар берилгани эътиборли. Газетада таниқли шоир Абдусаид Кўчимовнинг “Асра” номли шеъри эълон қилинган. Шоирнинг миллатдошларига мурожаати шундай бошланади:
Қатра симобдай титраб, қалқиб турибди дунё,
Мезон сингари идраб, салқиб турибди дунё,
Куйган қуёшдек хира балқиб турибди дунё...
Чанг-тўзонли замонда нону тузингни асра,
Ўғил-қизингни асра, асра, ўзингни асра...
“Осмонсой конидаги қимматли топилма”, “Лангар – тоғлар орасидаги унитилган қўрғон”, “Бутун жамоа рози, биргина раҳбар эса...”, “Суюнчи пули” ёзилмаган қонунлар қаршисидаги ўйлар”, “Бировнинг ҳақи ёхуд светофор кўргазма учун эмас” каби мақолалар ижобий томонга юз бураётган ўзгаришлар, инсон ва жамият муаммолари акс этган.
“ХХI ASR” таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимовнинг “Асра” номли шеъри билан бошланади. Шеър юрт қадри, ўзликни англаш ва асрашга даъват ўлароқ янграйди. Газетадан ўрин олган “Экспортбоп мева ва сабзавотлар етиштириш: кўчат ва уруғ таъминотида қачон ўзгариш бўлади?”, “Миср сирлари ёхуд кутилган ва кутилмаган сафардан айрим лавҳалар”, “Сайловчилар билан юзма-юз”, “Журналист учун ўзига хос қўлланма”, “Ўртар”ни ўртаниб куйланг”, “Дунёни ҳайратга солади “Лазги” каби мақолаларда бугунги кунимиз, жамият ва инсон манзаралари акс этган.
“Жамият” – бугунги жамият муаммолари билан нафас олади. Янги таҳрирдаги Бош Қомусимиз қабул қилинганининг бир йиллигига бағишланган “Янги таҳрирдаги Конституция: ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди” мақоласи эътиборли. “Божхона қонунчилиги халқаро талабларга мувофиқлаштирилмоқда”, “Таълим соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди”, “Инсон хотира билан тирик, қадр ила улуғдир”, “Бебаҳо мулк”, “Миллат қалқони”, “Нимкоса” каби мақолалар, саҳифаларда кўтарилган масалалар кўнгилга яқин. Уларда одам ва олам, инсон ва жамият ҳаёти акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА