Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
16:53 / 2024-02-28

“Янги Ўзбекистон” –  “Яшил” энергетика ҳам иқтисодиёт драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланмоқда” номли шарҳ билан бошланади. Унда 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қайта тикланувчи энергия манбаларини кўрайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда кўтарилган масалалар  ҳақида сўз боради.Тарих фанлари доктори, академик Азамат Зиёнинг “Буюк ўзбек йўли” рукнида берилган “Яшаб қолишимиз шарти” мақоласи “Маънавий ҳаётимизда янги ўзгаришлар даври бошланаётган экан, ҳарбий-ватанпарварлик омили унинг тожи бўлиши, яъни барчага – ҳам ўзимиз, ҳам ташқаридагиларга кўриниб туриши лозим!” деган даъват, чорлов билан бошланади. Мақолани, албатта, ўқинг. Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси барча давлатлар учун дастуриламал бўлиб, туризм соҳасини янада ривожлантириш ва тиклашга кучли туртки беради, деб бошланувчи мақола ҳам эътиборли. “Орол ҳудудидаги “яшил қоплама”лар соф ҳаво фабрикаси вазифасини ўтайди” мақоласида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудига экилган саксовул ва бошқа ўсимликлар майдони йил сайин кенгайиб бораётгани ҳақида сўз боради. “ОТМ мақоми қандай бўлиши керак – муассасами ёки ташкилот?”, “Дастлаб – ҳавас, кейин – бизнес”, “Бобуршунослик бўйича илмий платформа яратилди” каби саҳифаларда бугунги ҳаёт, инсон ва жамият уйғунлиги ўз акс этган.

“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтган  йиғилишдан “Яшил” энергетика ҳам иқтисодиёт драйверларидан бирига, ҳам чинакам умуммиллий ҳаракатга айланмоқда” номли шарҳ берилган. “Қурилиш материаллари намойиши учун қулай майдон”, “Ҳар бир инсон ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига муносиб шароитлар яратилади”, “Масъулият, талабчанлик ва ижро интизоми давлатимиз раҳбари қўйган вазифаларнинг шарти” каби мақолаларда ислоҳотлар нафасини ҳис қиласиз. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримовнинг Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Ҳассос сўз санъаткори”, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий ёрдамни ташкиллаштириш департаменти бошлиғи Умида Газиеванинг “Реабилитация – соғлом ҳаётга қўйилган қадам” каби мақолаларда улуғларга эҳтиром, саломатлик, инсон қадр-қиммати ҳақида сўз боради. 

“ХХI ASR”да бир қатор таҳлилий мақолалар эълон қилинган. Шулардан бири, сўнгги пайтларда кўпчилик давраларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган масала – хусусий олий ўқув даргоҳлари ҳақида. “Хусусий университетлар бизга керакми?” номли мақолани, ўқинг. “ХХI ASR” газетаси шарҳловчиси Озод Ражабовнинг “Тинчлик тадбирлари ва тадбиркорлик тараққиёти” мақоласида Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган устувор йўналишлар таҳлил қилинган. Атоқли ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг “Куни бизга қолаган байроқ” мақоласи, таниқли шоира Муҳтарама Улуғованинг Ўзбекистон халқ шоири Зулфияга хотирасига бағишланган “Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер!  – Зулфия ҳақида 5 воқеа” саҳифаси  ва Зулфиянинг “Бу оқшом” шеъри кўнгиллардан жой олади.

Бугунги газеталарни ўқинг.

ЎзА