Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:50 / 2024-02-21

“Янги Ўзбекистон” “Ижтимоий ҳимоянинг янги тизими инсон қадрини таъминлашга хизмат қилади” номли шарҳ билан бошланади. Унда 20 февраль куни давлат раҳбари раислигида бўлиб ўтган ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш тафсилотлари акс этган. Шунингдек, газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 21 февраль куни “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлиши ҳақида хабар берилган. “Сифатли таълим барчага баробар”, “Илмни алдаб бўлмайди ёхуд файзу барака фидойилик ортидан келади” каби мақолалар Янги Ўзбекистон қиёфасини белгилайдиган таълим-тарбия ва тараққиёт локомотиви бўлган илмга рағбат ҳақида. Газета  иқтисодий шарҳловчиси Абдурауф Қоржововнинг “Яна бешта қонун ЖСТ талабларига уйғун бўлди” мақоласи орқали Ўзбекистон қачон ушбу халқаро тузилмага кириши мумкин, деган саволга жавоб оласиз. “Қашқадарёга ўттиз уч мамлакат инвестиция киритди” мақоласи ҳам эътиборли, ўқиб жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини ҳис қиласиз. “Кимдир имкон, кимдир баҳона топади”, “Ёқилғисиз иситиладиган иссиқхона ҳақида”, “Ҳамма уйлар маҳаллада туташади”, “Сўзнинг сеҳрини унга меҳр қўйгангина англайди” каби мақолаларда  бугунги жамият манзаралари, мулоҳаза, мушоҳадалар, ҳаётни англаш, она тили ва унга муҳаббат ҳақида сўз боради.

“Халқ сўзи”да ҳам  20 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш тафсилотлари билан танишасиз. Газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 21 февраль куни “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни эълон қилинган. “Бунёдкорлик ва янгиланишлар нафаси” саҳифасида Андижон вилоятида амалга оширилаётган ўзгаршилар ҳақида сўз боради. “Андижон бугун машҳур тадбиркорлар, ишбилармонлар, ҳунармандлар, мебелсозу экспортчи бизнесменлар манзили сифатида ҳам эътибор қозонмоқда. Бу нимадан дарак беради? Шубҳасиз, бу – юртимизда кечаётган ҳаётий ислоҳотлар моҳияти, ишбилармонлик одамлар онгу тафаккурида акс этаётгани, қолаверса, уларнинг Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатининг ёрқин тимсоли” деган эътироф билан бошланади мақола. “Ҳаётий мақсадлар рўёби ва дахлсизлик кафолатлари”, “Маҳаллий кенгашлар қандай ваколатларга эга бўлмоқда?”, “Ери унумдор, тупроғи соғлом юртда барака бўлади”, “Элнинг эъзозидаги эътибор” каби мақолаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат, таҳлил, тадқиқ ва эътироф бор.

Бугунги газеталарни ўқинг.

ЎзА