Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:42 / 2023-12-07

_

“Янги Ўзбекистон”да 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқоти тўғрисида хабар беради. Газетада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раёсатининг МУРОЖААТИ эълон қилинган. МУРОЖААТдан айрим қайдлар: “Азиз фермерлар, деҳқон ва томорқачилар, сувни тежанг ва қадрланг!”... “Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб, сув ресурсларига эҳтиёж уч баравар ошади...”, “Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар, боғбон ва томорқачилар! Сув исрофининг энг катта қисми айнан қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Юртимиздаги суғориш тармоқларининг ярми бетонланмаган, яъни тупроқ ўзанли ариқ ва каналлардан иборат бўлгани боис, катта миқдорда сув йўқотилмоқда...”. Албатта, ўқинг! МУРОЖААТчилар  сув – бебаҳо неъматлиги, уни қадрига етиш ҳақида  яна бир бор бонг ўради. Тараққиётимиз қомуси, ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар, инсонпарварликнинг юксак намунаси, инсон манфаатлари устувор юртда юксалиш ва фаровонлик бўлади, ўзлигига қайтишга чоғланаётган туркийлар билан боғлиқ мақолалар кенг ва чуқур таҳлилга асослангани билан эътиборли. 

“Халқ сўзи”да ҳам 6 декабрь куни давлат раҳбарининг Қирғизистон Президенти билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтгани тўғрисида хабар берилади. “Иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентлараро ҳамкорлик” саҳифасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасидаги парламент йиғилишидаги иштироки хусусида сўз боради. Инсонпарварликнинг юксак намунаси, Конституция яратилиши тарихига доир кенг форматдаги илк кўргазма, Янги Ўзбекистоннинг келажагини Конституциямиз асосида биргаликда қурамиз каби жиддий мавзулар, Лондонда ўзбек миллий ресторани очилгани, Сиёб ариғи бўйида барпо этилаётган сайёҳлик маркази, шифони олисдан излашга ҳожат йўқлиги билан боғлиқ янгиликлар ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. 

“Жамият” – жамият муаммолари билан нафас олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлими бошлиғи Камила Олимованинг “Янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатланган” мақоласи, айниқса, эътиборли. Унда шундай маълумотларга дуч келасиз: “Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш соҳасидаги ислоҳотлар ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, 190 та давлат парламентларини бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқ маълумотига кўра, Ўзбекистон парламентида аёллар иштироки кўрсаткичи 128-ўриндан 45-ўринга кўтарилди. Бу эса АҚШ, Канада ва Австралиядан юқори деганидир...”. Нуриддин Очиловнинг “Пештахтада ялтироқ, харидорга қалтироқ” мақоласида сотувчи тилидан айтилаётган ушбу жумлаларга нима дейсиз: “Унда маҳсулотнинг яроқсизи билан чиқиндисини кимга сотамиз? Фойдани ниманинг ҳисобидан оламиз? Бозорнинг текинтомоқларини қайси ҳисобдан боқамиз? Ҳазрати Инсонга пештахталаримизда териб қўйилгандек энг сара маҳсулотларни сотсак миннатдор бўлармиди? Бўлмайди! Шундай экан, харид қилаётган маҳсулотининг остини қалтироқ, устини ялтироқ қилиб берганимизга шукр қилсин! Ахир, бизнинг ҳам тирикчилигимиз, орзу-ҳавасимиз бор. Кўрган фойдамизга оғиз соладиган бўлмаганда, шу ишни қилармидик?!”. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шернинг “Ҳожи Абдулазиз даҳоси”, “Қуриган қудуқ орзуси”, “Сўлакдан ясалган қалам”, “Ўқи”, “Қирқ йиллик кўзтанишим ва минг йиллик адабиётим” каби ихчам-ихчам ўгитларидаги катта маъно, ҳикмат қалбингизни ёритади.

“ХХI ASR”нинг бугунги сонида газета шарҳловчиси Озод Ражабовнинг “Дунё Дубайда Ўзбекистон ташаббусларини тинглади” саҳифаси ўқувчи эътиборини тортади. Муаллиф шарҳни шундай бошлайди: “Такрор айтайин: жаҳонда 200 га яқин мамлакат БМТ аъзоси саналса, шундан 140 тасининг етакчиси бир жойга жамланган вақтда ўнинчи бўлиб минбарга кўтарилишнинг ўзи бўлмайди. Бу, биринчидан, юртимиздаги изчил ислоҳотларнинг эътирофи бўлса, иккинчидан, Шавкат Мирзиёев танлаган сиёсий йўлнинг халқаро миқёсда тан олинишидир...”. “Зафарбекнинг зафарли қадамлари”, “Минғир-минғир лаппаклар”, “Жамоат ва жамият назорати кучайса...” каби мақолалар муҳим масалалар таҳлилига бағишлангани билан газетхон эътиборидан четда қолмайди. 

“Qishloq hayoti”да қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг “Аграр соҳа равнақи деҳқон ва олим ҳамкорлигидадир” мақола-табриги эълон қилинган. “Тупроқ ва сув – ҳаёт асоси”, “Сув тежовчи технологиялар асосида қишлоқ хўжалиги ерларининг самарадорлиги оширилмоқда”, “Меҳнат шартномаси қандай тузилади?”, “Маҳаллаларнинг хариталари янгиланмоқда. Бу нима учун керак?”, “Меҳнатда тобланган инсон” каби бир қатор хабар, мақолаларда жойлардаги ҳаёт, табиат ва инсон, қишлоқ ҳаёти акс этган.

Бугунги газеталарни ўқинг.

 

ЎзА