English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
12:08 / 2023-12-06

“Янги Ўзбекистон”да эълон қилинган “Камбағаллик 3,5 фоиз қисқарди” мақоласи орқали Хитой тажрибаси юртимиз шароитида қанчалик самара бермоқда, деган саволга жавоб оласиз. Хитойда “дангаса ҳеч қачон бой бўлмайди” деган олтин қоида бор. Шу боис, мамлакатда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун барча ташкиолотлар масъул ҳисобланса-да, боқимандаликка йўл қўйилмайди. Одамларга моддий ёрдам ажратишдан кўра, бандлигини таъминлаш, бўш иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Камбағаллик айб эмас, аммо уни юзага келтирган омилларга қарши курашмаслик катта хато. Мақолада Ўзбекистонда маҳаллалардаги камбағал оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириб, уларга тегишли ёрдам кўрсатиш борасида ўзига хос тажриба яратилаётгани, юртимизда 2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани ҳақида сўз боради. “Ўзбекистон Конституцияси куни байрами хорижда ҳам кенг нишонланмоқда”, “Орзу-истакларимиз рўёбига хизмат қилувчи дастурий ҳужжат”, “Илғор таълим технологиялари ва маърифат қўрғони”, “Кўргазмали жарроҳлик маркази” каби мақолаларда бугунги инсон ва жамият манзаралари акс этган.

“Халқ сўзи”да бир қатор муҳим, жиддий саҳифа, мақолалар эълон қилинган. “Халқ ҳокимиятчилигининг мустаҳкамлаш йўлида”, “Фуқароларнинг конституциявий эркинликларини таъминлаш – долзарб масала”, “Инсон манфаатлари кафолати”, “Туркий эллар тарихига илмий ёндашув” каби мақолалар шулар жумласидан. Покистон Ислом Республикасининг пойтахти Исломободда очилган “Ўзбекистон – Покистон” муштарак маданий мерос” фотокўргазмаси икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 31 йиллигига бағишланади. Фотокўргазмада икки томонлама олий даражадаги учрашувларга оид суратлар, ўзаро дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Протокол нусхаси (1992 йил 10 май), икки мамлакат ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, миллий ўзбек либослари ва таомларига бағишланган расмлар ва “Ўзбекистон маданий мероси” китоби-тўплами намойиш этилаётгани қайт этилади. “Ҳаёт суғуртаси. Унинг биз учун аҳамияти нимада?” мақоласи ҳам эътиборли. Унда ҳаёт суғуртаси ўзи нима, у қандай пайдо бўлган, деган саволларга жавоб топасиз. Мақолада “Суғурта – жамғариш воситаси ва бир вақтнинг ўзида инсонларнинг ҳаёти давомида уларни шахсий ёки оила бюджетининг номутаносиблигига ва турмуш даражасининг пасайишига олиб келадиган, ҳаёти, соғлиғи ҳамда меҳнат қобилияти билан боғлиқ турли ҳодисалар юз берганда моддий таъминлашнинг комплекс тизимини яратиш орқали молиявий эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган фаолият тури ҳисобланади” дейилади.

“Maʼrifat” кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. Филология фанлари доктори Саодат Муҳамедованинг “Малака оширишдаги ўзгаришлар: мантиқ кўрмадик!” мақоласини ўқиб, мактаб, таълим тизимидаги ишлар қачон ўз ўзанига тушиб кетаркин, деган ўйлар кўнглингиздан ўтади. “Мактаб таълимидаги вазият хавотирлими?!”, “Математика дарсларида кўпвариантлилик усули ёки 30 ўқувчига 30 хил вариант”, “Физика фанидан ўқувчиларга XXI аср кўникмаларини ривожлантириш ва уларни баҳолаш”, “Ортиқчасини топ” методи”, “Юксакликка чорлаётган имкониятлар”, “Ўқитувчилик фахр-ифтихорга айланиши керак” каби мақолалар мазмун-моҳияти билан долзарб ва албатта, ўқувчи этиборида бўлади.

“Oʻzbekiston ovozi”да бир қатор яхши мақолалар эълон қилинган. Газета мухбири Абдумалик Ҳайдаровнинг “Тома-тома кўл бўлур, томмай қолса, чўл бўлур” мақоласини ўқиб, сув – бебаҳо неъмат эканлигини яна бир бор дил-дилдан ҳис қиласиз. Мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 20 фоизи ўзимизда, қолган катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йилсайин камайиб бориши, трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазиятнинг жиддийлиги натижасида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинмоқда. Қолаверса, обиҳаёт масаласи нафақт миллий ва минтақавий, балки глобал муаммога айланиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат. Мақола, сувнинг қадрига етиш, уни тежаш ҳақида, албатта, ўқинг. “Боши бор, охири йўқ” мақоласида Халқ демократик партияси фаоллари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида пиёдалар ўтиш йўлаклари ҳолатини ўргангани ҳақида сўз боради. “Марказий банк фирибгарликнинг йўлини тўса олади”, “Ўзбекистонда яхшилик кўп”, “Тошкент ҳокими биладими?”, “Наманганнинг қурувчи ўғлони” каби мақолалар ҳам ўқувчи эътиборида бўлади.

 “Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Аввалгиларга ўхшамас”, “Самарасиз “ишчанлик”. Ҳафтада 5 кун ишлайсизми ёки...”,  “Ибрат” ҳаётимга мўъжиза каби кириб келди”, “Бандлик, эътибор ва натижа”, “Бобом ва отам қатағон қурбони бўлган” “Раста тўла “сариқ китоблар” каби мақолаларда ёшлар, жамият ҳаёти акс этган....

Бугунги газеталарни ўқинг…

ЎзА