_
“Янги Ўзбекистон”да “Кун мавзуси”да берилган “Ерга муносабатимиз ўзгармаса оқибати қандай бўлади, нималарни кутиш мумкин?” мақоласида шундай сатрларга дуч келамиз: “...Бир вақтлари айрим мамлакатлардагина кузатилган иқлим муаммолари бугунга келиб, сайёрамизни қамраб олмоқда. Ҳар бир давлат бу борада бир-бирига боғлиқ ҳолда ечимларни ҳам, кураш чора-тадбирларини ҳам биргаликда излашига тўғри келаяпти. Бу муаммоларнинг асосий қисми эса, аввало, озиқ-овқат хавфсизлигига бориб тақалади. Боиси, ҳаво ҳарорати ўзгаришидан тортиб, сув тақчиллиги, чўлланиш, қурғоқчилик, атмосфера ифлосланиши каби омилларнинг бари бевосита озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда қийинчиликларни юзага келтирмоқда...”. “Ўзбекистон – Озарбайжон: дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳар жабҳада изчиллик касб этган”, ўзбек-қирғиз чегара-божхона постларидаги бугунги ҳолатни ўзида акс эттирган “Тез, қулай, содда ва шаффоф” саҳифаси, жаҳон стандартига мос автомбиль йўллар, экинлар харитасидаги азалий неъматлар, имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрлайдиган мактаблар каби мақолаларда бугун кўпчиликни қизиқтираётган муҳим масалалар кенг таҳлил қилинган.
“Халқ сўзи”да эълон қилинган “Янги таҳрирдаги Конституция улкан масъулият демакдир” саҳифасида Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 31 йиллиги ҳар йилгидан кўра ўзгача шукуҳ билан нишонлаётгани ҳақида сўз боради. “Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти муҳим платформага айланди”, “Бирдамлик – иқлим ўзгаришларига қарши курашишнинг самарали йўли”, “АЭХА Бошқарувчилар кенгаши Ўзбекистоннинг бешта миллий лойиҳасини тасдиқлади”, “Байрамга муносиб туҳфа” каби мақолаларда ўзгариб бораётган инсон ва жамият манзаралари акс этган. “Комплаенс - назорат – коррупция хавфидан ҳимоя қилувчи энг мақбул тизим” саҳифаси шундай бошланади: “Ҳозирги кунда дунёда коррупцияга қарши кураш усуллари орасида комплаенс – назорат энг мақбул ва самарали тизим сифатида эътироф этилмоқда. Коррупцияга қарши комплаенс-назорат илк бор АҚШда жорий қилинган бўлиб, дастлаб 1906 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар фаолиятининг санитар сифатини назорат қилиш федерал хизматининг ташкил этилиши боис вужудга келган. Бунинг натижасида ўтган асрнинг 50-йилларида АҚШ бозорида кузатилган кескин иқтисодий ўсиш, бозор иштирокчилари бўлган корпорация ва компанияларда замонавий бошқарув ва ташкилий маданият шакллана бошлади. Пировардида ушбу йирик бозор иштирокчилари ўз бошқарув тизимларини шакллантиришда комплаенс-назорат тизимини жорий этиш ва давлат хизматчиларининг ахлоқ кодексини қабул қилиш заруратини юзага чиқарди...” Мақола қизиқ, албатта, ўқинг.
“Ishonch” “Онлайн жиноят илдизига ЗАРБА” саҳифаси билан бошланади. Унда Ўзбекистон карталаридан онлайн қимор ўйинларига трансчегаравий ўтказмалар тақиқланиши ҳақида сўз боради. “Ходимнинг ҳуқуқлари тикланди”, “Пайсалга солинган тўлов”, “Ёлғоннинг миси чиқмайдими?”, “Томчисида ҳаёт нафаси”, “Амалий машғулосиз дарслар...”, “Мулк дахлсизлигининг аҳамияти”, “Уйқучанлик. У нимадан далолат беради – дангасаликданми ёки касалликдан? каби мақолаларда биз бирда кўриб-кўрмаётган, қадрини тузук англаб-англамаётган масалалар таҳлилига гувоҳ бўласиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА