Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда…
12:05 / 2023-11-30

_

“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишига бағишланган шарҳ, шу куни давлат раҳбарининг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 декабрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференцияда иштирок этиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган. “Янги ИЭС – минтақадаги эталон лойиҳа” мақоласида 3,3 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолини қоплаш имконини берадиган йирик лойиҳа ва унинг аҳамияти ҳақида сўз боради. “Ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи тинч ҳаётимиз, фаровонлигимиз учун мустаҳкам асосдир” саҳифаси бугун дунё саҳнида юз бераётган мафкуравий жараёнлар биздан ҳушёрликни, онгимиз ва қалбимизни забт этиши мумкин бўлган турли таҳдидлардан ҳимояланиш зарурлигидан огоҳ этади. “Тараққиёт мезонлари” рукнида берилган “Илмдан бир шуъла дилга тушган он...” мақоласи ўзбек олимасининг микробиология соҳасида дунё эътироф этган тадқиқотларига бағишланади.

“Халқ сўзи”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишига бағишланган “Сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилади” номли шарҳ, давлат раҳбарининг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 30 декабрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига БМТнинг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференцияда иштирок этиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган. “Бизнинг суҳбат” рукнида берилган “Халқ табобати асрий анъаналар замонавий мезонлар асосида тараққий этмоқда” саҳифаси орқали Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар Табобат академияси раиси, кимё фанлари доктори, профессор Иброҳим Асқаровнинг мамлакатимизда кейинги йилларда юз бераётган ўзгаришлар, хусусан, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, касалликлар профилактикасида халқ табобатининг аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз. “Бола ҳуқуқлари ҳимояси давлат мажбуриятидир” мақоласи, Испаниянинг Кадис университети қошида Ўзбек – испан маркази очилгани ҳақидаги хабар эътиборли.

“Ishonch”нинг бугунги сони ранг-баранг. “Туркий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотининг I съезди” саҳифасида газета бош муҳаррири Ҳусан Эрматов 2023 йилнинг 29 ноябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳрида Туркий давлатлар касаба уюшмалари Ташкилотининг I съезди бўлиб ўтгани, съезд ишида 5 та аъзо ташкилот – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси, Озарбайжон касаба уюшмалари Федерацияси, Қозоғистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Қирғизистон Республикаси касаба уюшмалари Федерациясидан 40 нафар делегат, шунингдек, Туркия жамоатчилиги вакиллари, хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим иштирок этгани ҳақида ёзади. “Муаммони қандай ечиш мумкин?”, Кимларга солиқдан имтиёз бор?”, “Боймирзаев ишдан ноҳақ бўшатилган”, “Таътил кунлари нотўғри ҳисобланган эди”, “Бирйўла тўлов пулларини уч йилдан сўнг олишди” каби ихчам-ихчам мақолалар ўқувчи учун ҳам қизиқ. “Янги ўзбек”нинг кўрган-кечирганлари” китобига бағишланган муносабат, “Қиз бола “нарса”... эссеси  ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. 

“ХХI ASR”да бир қатор жиддий мақолалар эълон қилинган. Фармацевтика ва электротехника саноатидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган саҳифа, айниқса, эътиборли. Унда шундай  фактлар келтирилади: “Мамлакатимизда бу икки тармоқ учун ҳам зарур хомашё, етарли шароитлар бор. Хусусан, охирги олти йилда фармацевтика соҳасида ишлаб чиқариш 3 баоабар, экспорт 6 баробар кўпайган. 525 миллион долларлик 177 та лойиҳа ишга тушиб, жами 50 мингта иш ўрни яратилган. Лекин бу ҳали мавжуд имконият ва талаб даражасида эмас. Масалан, юртимизда йилига 1,6 миллион долларлик дори-дармон истеъмол қилинади. Бунда маҳаллий маҳсулотларимизнинг улуши бор-йўғи 18 фоиз, қолган қисми импорт ҳисобланади”... “Қоидабузарларнинг жарима баллари ҳисобланади”, “Мурожаатлар ортида инсон тақдири бор”, “Қанча гектар ер қайта фойдаланишга киритилди?”, “Шамоллашни фармацевт эмас, мутахассис шифокор даволайди!”, “Уяли телефоннинг уяси қаерда?” каби мақолаларда ҳам инсон ва жамияят муаммолари таҳлилини кўрасиз.

“Жамият” –  жамият кўзгуси. “Ўзбек халқи Афрўза билан фахрланади” мақоласи ўтган ҳафта 18 ёшгача ёшлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида шов-шувли ғалабага эришган 14 ёшли ватандошимиз Афрўза Ҳамдамованинг ютуқларига бағишланади... “Ёр-ёр”да на маъно бор, на мазмун” мақоласида ўртага ташланган мулоҳаза кўплаб юртдошларимизнинг қалбида кечган оғриқларни ҳам ўзида акс этгани билан аҳамиятли. “Zo’r NV” телеканали орқали узатилаётган ушбу кўрсатув одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмаслиги ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлгани ва жараён ҳали ҳам давом этаётгани ачинарли. Ёзувчи, журналист Холиёр Сафаровнинг “Чордоқ, қабристонларда яшириб сақланган китоблар – “Жадид куллиёти”да нималар ёзилган?”, “Киберҳужумлар ортидаги куч ёхуд бунинг ортида кимлар турибди?”, “Туркистонда нега арман тилида ҳарбий газета чиқарилган?” каби мақолаларда  кўтарилган саволларга жавоб ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Яхшидан боғ қолур...” саҳифасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган хайрли ишлар акс этган. “BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон – Россия қўшма корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилди”, “Самарқандда суперэлита картошка уруғлари етиштирилмоқда”, “Фуқароларнинг мулкини ҳимоялашнинг самарали тизими яратилмоқда”, “Чув тушмайин десангиз...” каби мақолаларда қишлоқ ҳаёти, деҳқончилик сир-синоатлари, истиқболлари ҳақида сўз боради.

Бугунги газеталарни ўқинг.

 ЎзА