_
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 28 ноябрь куни фармацевтика ва электроника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилиши тафсилотларига бағишланган шарҳ эълон қилинган. “Маҳорат, меҳнат ва билим тантанаси” саҳифаси 14 ёшида жаҳон чемпиони бўлган ҳамюртимиз Афрўза Ҳамдамованинг бемисл ғалабаси таҳлилига бағишланади. “Бугуннинг гапи” рукнида берилган “Энергетика ресурслари барқарорлиги. Исрофгарчилик ҳам, тежамкорлик ҳам ўз қўлимизда” мақоласи долзарб. Унда ҳозир энг кўп истеъмол қилинаётган ресурслардан бири электр энергияси эканлиги, иқтисодиёт тармоқларидан тортиб, кундалик ҳаётимизда ҳам талаб ва эҳтиёж кун сайин ортиб бораётгани, ҳатто электр энергияси истеъмолидаги рекордлар ҳам тез-тез янгиланаётгани, бу эса истеъмолчиларни ҳушёрликка чорлаши ҳақида сўз боради. “Марказий Осиё иқтисодиёти глобал аҳамиятга молик ўзаро боғликлик маркази”, “Тавсиядан талабга айланган зарурат”, “Муҳандислик таълимида илғор тажриба” каби мақолаларда бугунги инсон ва жамият манзаралари акс этган. “Йиғлаётган” дарахт қаерда?” номли мақолани эса, албатта, ўқинг...
“Халқ сўзи”да давлат раҳбарининг 28 ноябрь куни фармацевтика ва электроника саноатида ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилиши тафсилотларига бағишланган шарҳ, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ҳамда “Қўриқлаш” фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонунлари эълон қилинган. “Кўз ўнгимиздаги ўзгаришлар” рукнида берилган “Ҳаёт фавворалари” мақоласи давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифидан кейин вилоятда юз бераётган салмоқли ўзгаришлар ҳақида. “Фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли кафолати”, “Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги асосий қонуни – халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси” мақолаларида яқинлашиб келаётган байрам руҳи акс этган.
“Maʼrifat” кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. ЎзЖОКУ талабаси Гавҳар Эшонқулованинг таҳрир устаси “Маҳмуд саъдийга мактуб”и шундай бошланади: “Бошида китобингизни ўқигим келмай қолди. Негадир зерикарли туюлди. Китобингиз қандай қилиб қўлимга тушиб қолганини ҳам эслолмайман. Аммо иккинчи марта қўлимга олганимда эса хатомни англадим. Бугун сизга бир энлик хат ёзиб, дил сўзларимни баён этмоқчиман...”. Бўлажак журналист қизимиз чин дунёга сафар қилган устоз Маҳмуд Саъдийга нима демоқчи? Мактубни, ўқинг. “Репетиторсиз ҳам ОТМ талабаси бўла оласиз!”, “Уйғонган ҳақиқат”, “Интернетдан таътилга чиқиш”, “Кимлигимизни унутдикми?”, “Ижтимоий тармоқдан қандай фойдаланасиз?”, “Тилбузар ҳам қонунбузардир”, “Биринчи устозим”, “Адабиёт дарсларини шунчаки ўтиб бўлмайди”, “Фикрингизни эркин баён эта оласизми?”, “Нега бугуннинг ҳақиқати вақт ўтиб ёлғонга чиқарилади?”, “Йўқотилаётган болалик ёхуд “мобил қуллик”дан қачон воз кеча оламиз?” каби мақолалар мазмун-моҳияти билан долзарб ва албатта, ўқувчи этиборида бўлади.
“Oʻzbekiston ovozi”да бир қатор яхши мақолалар эълон қилинган. “Келажак лойиҳалари” саҳифаси шулар жумласидан. Унда қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган иссиқлик электр станцияси лойиҳаси 3 миллиондан зиёд хонадон ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига эҳтиёжини таъминлашга имкон бериши ҳақида сўз боради. “Вазирлик ҳаммани қутқара олмайди” мақоласида ёш ота-оналар болаларини асрашни ўрганиши зарурлигига урғу берилади. “Саволга жавоб, таклифга муносабат керак”, “1 млн сўм 7 йил қамоқ”, ”Музработ туман ҳокими эшитадими?” каби мақолалар замирида эътибор, жазонинг муқаррарлиги ва огоҳликка даъват бор. “Сув ўғирлаш жиноий жавобгарликка олиб келади” мақоласида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродовнинг “Эндиликда ичимлик суви тармоқларига ноқонуний, манфаат топиш мақсадида уланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади” деган гапи юртдошларимизни қонун доирасида иш кўришга чақиради.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Жиноят содир этилмаган маҳалла”, “Қишда яна қалтираймизми?”, “Қоидабузар ҳайдовчиларга жарима баллари жорий этиладими?” мақолалари эътиборли. Биринчи ўзбек фотосуратчиси ва кино саноатининг асосчиси Худойберган Девонинвнинг ҳаёт йўлига бағишланган “Биринчи ўзбек фотосуратчиси” мақоласини, албатта, ўқинг. Дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи този ичимлик суви танқис ҳудудларда яшаётгани, БМТ маълумотларига кўра, қарийб 1,5 млрд. аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдалана олмаётгани, 2,3 млрд. аҳоли эса санитар талабга жавоб бермайдиган сувни ичишга мажбур бўлаётганига бағишланган “Сув” номли саҳифа орқали сув нечоғли улуғ неъмат эканини яна бир бор ҳис қиласиз. Таниқли шоир Фахриёрнинг “Шоирнинг “Излам”и” мақоласида шундай сатрларга дуч келасиз: “Излам”, илк сатрлар. Ўйлайман, тўкилиб битган кўзёшнинг ҳам сояси бўларканми?.. Фахриёр нима демоқчи? Мақолани ўқинг...
Бугунги газеталарни ўқинг...
ЎзА