Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
11:21 / 2023-11-03

“Янги Ўзбекистон”да “Ўзбекистон – Франция: кенг қамровли ҳамкорлик янада ривожланади, икки томонлама муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилади” номли мақола эълон қилинган. Унда Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг 1-2 ноябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлгани, икки давлат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликнинг кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида сўз боради. Газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республиккаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига борганлиги ҳақидаги хабар эълон қилинган. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири маслаҳатчиси Баҳодир Умурзоқовнинг “Ишсизлик нега тугамайди? Ахир йилига минглаб янги иш ўринлари яратилади-ку...” мақоласида шундай фактлар бор: “Иш жойлари етишмаслиги туфайли 4,3 миллион киши, бошқача айтганда аҳолининг 22 фоизи иқтисодий нофаол тоифаларга киради. Меҳнат бозоридаги бунақа ҳолат миллий иқтисодиётимизда меҳнат ресурсларининг таклиф ва эҳтиёж ўртасидаги мувозанати бузилиши, ишсизлик потенциали даражасининг мунтазам олиб бориши, айрим ҳудудларда норасмий меҳнат улуши ва нолегал меҳнат миграциясининг ўсишига олиб келади...”. “Давлат бюджети ва макроиқтисодий барқарорлик”, “Катта шоулардан қишлоқ хўжалигигача. Ўзбекистонда дронлардан қандай мақсадларда фойдаланиляпти?”, “Бир умрга бирлаштирди қардошлик берган ялов” каби мақолалар ҳам ўқувчи эътиборидан четда қолмайди. 

“Халқ сўзи”да ҳам “Ўзбекистон – Франция: қатъий ишонч ва азалий дўстликка асосланган муносабатлар стратегик шериклик даражасида давом этади” номли саҳифа эълон қилинган. Унда Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг 1-2 ноябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлганлиги, икки давлат ўртасидаги дўстлик, ҳамкорликнинг кечаси, бугуни ва эртаси ҳақида сўз боради. Газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республиккаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остона шаҳрига борганлиги ҳақидаги хабар ҳам эълон қилинган. “Тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги муштарак қадамлар”, “Ўзбекистон – туркий дунёнинг фаол иштирокчиси”, “Бир дарёдан сув ичган эллармиз” каби мақолаларда минтақадаги дўстлик, турк дунёсидаги якдиллик ҳақида сўз боради.

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati”  Бобур Мирзонинг:

Жисмингга заъф эса – жоним садақа!

Жонингга икки жаҳоним садақа! – 

байти акс этган маснавийси билан бошланади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажиднинг “Мардоналигингиз бори эл билади” номли мақоласи Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланади. “Соҳибқирон Амир Темурнинг буюк авлоди Бобур Мирзо ҳар кун ўқишга, ҳар кун ёд этишга муносиб сиймодир” – деб ёзади муаллиф. ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудовнинг “Туйғулар талоши ёхуд сезгилар ҳамкорлиги манзаралари”, “Литературный Дагестан” ва “Соколёнок” журналлари бош муҳаррири Мурод Аҳмедовнинг “Бизларга дўстлик даркор...” мақолалари, атоқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Дурёғди” ҳикояси, Шоира Эрматованинг шеърлари, шоир Айюбнинг мероси – ғазаллари мутолаасидан руҳингиз ором олади. 

Adolat”да эълон қилинган “Аёлларнинг сиёсий фаоллиги янада қўллаб-қувватланади” мақоласи эътиборли. “Халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди”, “Ахлоқсизликни маданият деб билмайлик” каби мақолаларда ўзгараётган жамият, таклиф, мулоҳаза, ибрат бор. “Сохта ДХХ ходими иккинчи марта товламачилик қилаётганда қўлга тушди”, “Фарзандларини “унутган” ота” мақолалари кишини ўйга толдиради. Габриэль Гарсиа Маркеснинг ҳаёт ҳақиқатлари акс этган қарашларини кўнгилнинг бир четига ёзиб қўясиз. “Сабр – бахтнинг дояси” саҳифасини эса, албатта, ўқинг...

“Vatanparvar”даги “Енгиб бўлмас тўсиқ” мақоласи эътиборли.  “Ҳаёти ҳавасга арзийди”, “Бобур армиясидаги креативлик”, “Уч муҳим омил”, “Ҳар ишда илғор ҳамширалар”, “Туркистонда бўлган французлар”, “Тарбияда самарали усуллар”, “Девону луғати-т турк”дан то бугунгача” каби ўнлаб мақолаларда ҳаётга, Ватанга бўлган самимий муҳаббат борлигини ҳис этасиз.

Бугунги газеталарни ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА