—
“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ва ташқи дунё ҳаётига оид муҳим мақолалар эълон қилинган. Давлат раҳбари ҳузурида жорий йилнинг 9 ойида эришилган иқтисодий натижалар, йил якунигача кутилаётган кўрсаткичлар ва 2024 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар шарҳига бағишланган саҳифани, албатта, ўқинг. Сиёсий фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Қуронбоевнинг “7+2 тамойили. Ёшлар билан ишлашдаги инновацион ёндашув” мақоласи эътиборли. Унда мамлакатимизда ёшларнинг барча тоифаларини кенг қўллаб-қувватлаш, имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилганига қарийб икки йил бўлаётгани, шу вақт давомида етакчилар маҳалладаги ёшларнинг оғирини енгил қилиш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш баробарида йигит-қизларимизнинг ишончли ҳамкори, самимий маслаҳатгўйи ва энг яқин дўстига айланиб улгураётгани ҳақида сўз боради. “Яшил” келажакнинг янги имкониятлари”, “Футбол завқи атрофида бирлашиш ташаббуси”, “Сентоб – Жаҳон туризм қишлоқлари рўйхатида”, “Ўзбек тилига садоқат Ватаний ишдир”, “Қоронғу хонада чарақлаган қуёш” каби мақолаларда жойларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, ташаббус, чорлов, юрт, Ватан ва она тилига бўлган муҳаббат акс этган.
“Халқ сўзи”да “Ўзбекистон ва Хитой ўзаро сиёсий ишончни муттасил мустаҳкамлаб, тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олган ҳолда икки томонлама муносабатларни ривожлантирмоқда” саҳифасида Ўзбекистон Президентининг ХХРга ташрифи ва “Бир макон, бир йўл” учинчи халқаро форуми тадбирларида иштироки Хитой ОАВда қандай ёритилаганига ҳақида. “Ҳар бир ниҳол орзу-умидларимиз рўёби бўлиб япроқ ёзсин!” мақоласида мамлакатимизнинг бир қатор вилоятларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш мавсумидаги хайрли ишлар ҳақида ҳикоя қилинади. “Шу юрт фарзанди бўлганимдан фахрланаман”, “Ўзлигимиз тимсоли”, “Қиш эшик қоқмоқда, биз бунга қанчалик тайёрмиз?” каби мақолаларда куннинг муҳим мавзулари таҳлилини кўрасиз.
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетасида таниқли шоир Салим Ашурнинг “Болаларнинг олтин сўзи” мақоласи она тили, унинг қадр-қиммати, яқинлашаётган Ўзбеки тили байрамига бағишланади. Ўткир Раҳмат, Исмоил Маҳмуд, Шоди Отамуроднинг шеърлари, Маҳмуд Ражабнинг “Сомон мавсумида”, “Устун” ҳикоялари, адабиётшунос Узоқ Жўрақуловнинг “Асл манбалар ҳақиқати”, филология фанлари доктори Абдураҳмон Пиримқуловнинг “Бир ҳарф муаммоси ёхуд “ғалати машҳур”лар” каби адабий мақолалари мутолаасидан руҳингиз қувват олади.
“Adolat” Элбекнинг “Тил” шеъри билан бошланади. Унда шундай ўтлуғ сатрлар бор:
Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат,
Кимлар эрур Турк тилини сотғучи?
Булбул каби сайраб турган бу тилни
Уялмайин бу ўлкадан отғучи?
Болдай тотли, жондан азиз туркчани
Тушунмайин, хўрлаб-хўрлаб ётғучи?...
“Она табиатни севсангиз, кўчат экинг” номли ихчам хабар-мақоланинг сарлавҳасиёқ кўнгилда акс садо беради. Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Муҳиддин Омаднинг “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мақоласи, “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон...”, “Миллий тафаккур рамзи ва тараққиёт асоси”, “Бебаҳо хазина” каби мақолалар ҳам ўзбек тили ва унинг қадрини тик тутаётгани, умрбоқийлигига бағишланади.
“Vatanparvar”даги “Ҳар бирингиз бир бутун лашкар”, “Чўққида товланган матонат”, “Тиллар қандай таназзулга юз тутади?”, “Онам алласидан бошланган Ватан”, “Мардлар сиймоси мангуликка муқаррар” каби мақолалар замирида ҳаётга, Ватанга бўлган самимий муҳаббат борлигини ҳис этиб турасиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА