—
“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ва ташқи дунё ҳаётига оид муҳим мақолалар эълон қилинган. “Долзарб мавзу” рукнида берилган “Сув ҳаёт учун, озиқ-овқат учун” мақоласида кўтарилган масала оғриқли. Мутахассисларнинг тахмин қилишича, сўнгги 40 йил ичида сув истеъмоли ҳар йили қарийб 1 фоиз кўпаяди ва ўсишда давом этади. 2030 йилга бориб, аҳолининг тоза ва оқова сув билан таъминланишини қўллаб-қувватлаш учун БМТга ҳар йили 600 миллиарддан 1 триллион долларгача маблағ зарур бўлади. Мақолани, албатта, ўқинг. “МДҲ саммити: кўп томонлама амалий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш йўлида” саҳифаси бугун – 13 октябрь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида кўриладиган масалалар ҳақида. “Янги Ўзбекистоннинг жозибадор бренди”, “Ишонч ва дўстлик”, “Шаҳар билан бўйлашаётган қишлоқ”, “Бу маҳаллани Европада ҳам билишади” каби мақолаларда сўнгги 5-6 йилда жойларда юз бераётган ижобий ўзгаришлар таҳлил қилинган.
“Халқ сўзи”да бугун Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган Мутақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашига бағишланган “МДҲ саммити” саҳифаси эътиборли. “Ўзбекистон ўз жозибаси ва гўзаллиги билан америкаликларни ҳайратлантирмоқда” каби мақола ҳам юртдошларимиз учун қизиқ. Кинорежиссёр Музаффар Эркиновнинг “Муболағасиз, ғурур туйдим...” номли мақоласини ўқиб, ён-атрофга бошқача назар билан боқа бошлайсиз. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Ўтмиш ва келажакни боғловчи мустаҳкам кўприк” мақоласи, атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Она тилим ўлмайди” шеъри юрагингизда акс садо бериб туради.
“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” газетаси Муҳаммад Раҳмоннинг “”Ёмғир мушоираси” шеъри билан бошланади. Академик Оқил Салимов билан Мамадали Эроновнинг қирғиз-ўзбек дўстлиги тимсоли бўлган атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов шахсияти, ижодига бағишланган суҳбат, Кенесбай Каримовнинг шеърлари, Ўлмас Умарбековнинг “Муҳаббат қўшиғи” номли ҳикояси, Нусратулло Жумахўнинг “Ўзликни англаш ҳикмати”, Баҳодир Раҳмоновнинг “Бедорлик қўнғироғи” каби адабий мақолалари мутолаасидан руҳингиз қувват олади.
“Adolat”да эълон қилинган “Аралаш сайлов тизими бизга нима беради?” мақоласида аралаш сайлов тизими таҳлил қилинган. Ўзбекистоннинг Туркий инвестиция жамғармасига аъзо бўлаётгани, йўлдан адашган талаба, қардошликнинг минг йиллик ришталари, ўқишга қабул синовида ёзма иш олинса, қозоқ детектив насри намояндаси билан боғлиқ мақолалар ҳам ўқувчи эътиборидан четда қолмайди.
“Vatanparvar”даги “Қўмондон синовида сайқалланган мардлар”, “SMART ARMY” етакчи хорижий армиялар ислоҳотларининг асоси”, “Ҳарбий хизматда ҳиссиётларни бошқариш”, “Отамсиз ўтган тун”, “Оила – ҳаёт гултожи”, “Ўғлимга мактуб”, “Келажак учун пойдевор” каби ўнлаб мақолалар замирида ҳаётга, Ватанга бўлган самимий муҳаббат борлигини ҳис этиб турасиз.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА