-
“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ташқи ҳаётига оид бир қатор муҳим хабарлар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлиб тургани, ташриф доирасида 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78- сессиясида сўзлаган нутқи, шу куни Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги биринчи саммитида иштироки, шунингдек, АҚШ Президенти Жозеф Байден, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувлари ҳақида хабар беради. “Буюк ўзбек йўли” рукнида берилган “Иқтидорли ва истиқболли ёшларни хорижда тайёрлаш”, “Тарихий тараққиётнинг янги босқичи”, “Сизларни Ўзбекистонда кутиб оламиз”, “Ўзни аямадим, сўзни аядим...” каби мақолаларда инсон қалби ва унинг орзу ўйлари, истаклари бор. Юрт, ватан равнақи йўлида якдилликка чорлов – даъват бор.
“Халқ сўзи”да ҳам куннинг муҳим хабар – янгиликлари ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади”, “Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида муносабатлар мустаҳкамланиб бормоқда”, “Ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди” саҳифалари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари сафари доирасида бўлиб ўтаётган муҳим учрашувлар тафсилотларига бағишланади. “Креативлик, дахлдорлик ва масъуллик қонун лойиҳаларини қабул қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда” саҳифаси, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг “Бу боғлардан бизлар ўтдик...” мақоласи газетхон эътиборидан четда қолмайди.
“Maʼrifat” кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. “Таълимни табақалаштирманг!” мақоласида таълим тизимидаги оғриқли масалаларидан бири таҳлил қилинган. “Таклиф ёхуд оммалаштириш ҳақида”, “Талабаларнинг кучини “ўтин ёришга” сарфламаяпсизми?”, “Тарбияси гўзал қизлар керак миллатга”, “Ўқитувчи нимани ўйлайди?”, “Таълимга йўналтирилган сармоя – келажакка қўйилган пойдевор”, “Ватандан йироқда – Ватан йўқ!!!” каби мақолаларнинг ҳар бири ўзга бир олам. Уларда бугунги таълим-тарбия, унинг ютуқ ва муаммолари хусусида сўз боради..
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА