Газета, вақтли матбуот жамиятнинг уриб турган томирига ўхшайди...
“Янги Ўзбекистон”да мамлакат ҳаётига оид муҳим янгиликлар ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 сентябрь куни йўл хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўтказган йиғилиши тафсилотларига бағишланган “Йўл хўжалиги соҳаси янгича ёндашув асосида ривожлантирилади” саҳифаси билан, албатта, танишинг. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиевнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси. Очиқлик ва шаффофлик – демократия мезони” мақоласида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқилиши таҳлил қилинган. “Самарқанднинг саноат кластери ишлаб чиқаришнинг қайси соҳаларида ривожланиши мумкин?”, “Соғлом авлод – соғлом давлат” мақолалари муҳим масалалар таҳлилига бағишлангани билан эътиборли. “Тадбиркор мактаб қурди. Бунинг учун ўз ҳисобидан 23 миллиард сўм маблағ сарфлади”, шунингдек, “Сепга – китоб тўла жавон” мақолаларида эзгу ташаббус, ибрат акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбари иштироки билан боғлиқ муҳим йиғилиш тафсилотига оид шарҳ эълон қилинган. Буюк Британиянинг машҳур “Nhe Times” газетасида нашр муҳаррири, саёҳатчи-журналист Люси Перрининг “Ўзбекистон – ажойиб мамлакат” мақоласига бағишланган саҳифа эътиборни тортади. Фахриддин Бозоровнинг “Табиатни увол қилманг!” рукнида берилган “Дарёлар фарёдига нега қулоқ тутмадингиз?” мақоласини, албатта, ўқинг. Унда шундай фактларга дуч келасиз: “2022 йил давомида белгиланган ҳудудлардан ташқари 157 минг куб метр ҳажмда қум-шағал ноқонуний тарзда қазиб олинганлиги бўйича Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 30 та ҳолат аниқланиб, тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан суд органларига 35 та тақдимнома киритилган. Норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари бўйича Самарқанд вилоятида 343 нафар шахсга нисбатан 1,2 млрд. сўм, Жиззах вилоятида 158 нафар шахсга нисбатан 474 млн. сўм миқдорда жарима қўлланилган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса Самарқанд вилоятида 83 нафар шахсга нисбатан 273 млн. сўм, Жиззах вилоятида 40 нафар шахсга нисбатан 134 млн. сўм маъмурий жарима қўлланилган”...
“Hurriyat”да бир қатор яхши саҳифа, мақолалар эълон қилинган. Таниқли ёзувчи, журналист Ҳаким Сатторийнинг “Соҳибқирон салтанати ёки жаҳон цивилизациясида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг ўрни ҳақида” мақоласи шонли тарих, ўзликни англаш ҳақида. Ситора Сирожиддинованинг “Мавзуга қайтиб” рукнида берилган “Қурилишдаги хавотиримизга асос йўқ(ми?)” мақоласида кўтарилган саволга Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутасаддилари жавоб беришган. Озод Хушназарзоданинг “Завод “банкротликдан” чиқмаган эдими?” мақоласида ўртага ташланган савол Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агенлигига қаратилган бўлса-да, унга жавоб ҳаммани бирдек қизиқтиради. Тўлқин Эшбекнинг машҳур ҳофиз Фахриддин Умар ижодига бағишланган “Донишманд ҳофиз билан суҳбат” мақоласи, Жавоҳир Осмоннинг шеърлари кўнгиллардан жой олади.
“Kitob dunyosi” руҳга қувват бахш этувчи шеър, ҳикоя, адабий мақолаларга тўла. Робиндранат Тагорнинг Омон Мухтор таржимасидаги “Бу кўклам қўшиғи эгаси менман” шеърий туркуми, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер, Отаёр, Замира Рўзиева, шунингдек, Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатов ва машҳур япон шоири Мацуо Басё шеърлари, Фёдор Достоевскийнинг дилномалари, Ўлмас Умарбековнинг ҳикояси, Иброҳим Ғафуров, Узоқ Жўрақулов, Назар Эшонқул, Рифат Исмоилийнинг адабий-бадиий мақолалари мароқ билан ўқилади.
“Oʻzbekiston ovozi”да эълон қилинган “Партия гуруҳларида нима гап?” мақоласи ўқувчи эътиборини тортади. “Ўзбекистон U – 23 терма жамоаси Осиё кубоги саралашида Эронни мағлуб этди ва Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди” саҳифаси яхши хушхабар бўлиб янграйди. “Сўраган эдингиз?”, “Биласизми?” саҳифалари, шунингдек, “Кучсизлар кучли бўла оладими?” каби мақолаларда ҳам қизиқ маълумотларга дуч келасиз.
“Milliy tiklanish”да эълон қилинган “Қаҳрамон “Қирол”нинг навбатдаги чиқиши”, “Негатив”чилар қаҳрамон, “позитив”чилар маддоҳми?” мақолаларида ўқувчини мушоҳадага чорлайдиган жиҳатлар бор. “Архивларда сир тутилган аччиқ қисматлар” саҳифаси, Рустам Жабборнинг “Насимийнинг ўлими” мақоласи, Абдурауф Фитрат: “Нажот йўли муқаддас китобимизда” номли иқрори, шунингдек, атоқли шоир Шавкат Раҳмоннинг шеърлари мутолаасидан кўнгил ойинаси ёришади.
“Maʼrifat” кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. “Ўқитувчининг иш ҳақи энг паст даражада бўлиши адолатдан эмас!”, “Таълим аълочисига шафтолиқоқми ёхуд фидойи устозлар ҳасрати ҳақида”, “Эртаклар болаларникими ёки катталарники? Ёхуд айрим эртакларга эътирозлар”, “Кутубхоначининг маънавий қиёфаси. У сабаб мактаб кутубхонаси гавжумми?”, “Унитмас мени боғим...”, “Ўқитувчи нимани ўйлайди?” каби мақола, саҳифаларда кўтарилган масалалар газетхонни ҳам бефарқ қолдирмайди. Уларда бугунги таълим, унинг муаммолари хусусида сўз боради.
“Yoshlar ovozi” – ёшлар минбари. “Қимор. Кўнгилхушликдан мубталолик сари...”, “Эътироз эмас, кўмак зарур”, “11 миллиондан ортиқ ёшлар қамраб олинди”, “Уйғониш. Ҳар бир инсон ўқиши зарур бўлган китоблар тўплами” каби мақолаларда ёшлар, жамият ҳаёти акс этган.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА