“Янги Ўзбекистон”да Президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 август куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда ишга туширилаётган янги объектлар билан танишгани билан боғлиқ саҳифа эълон қилинган. Унда улуғ айём арафасида пойтахтдаги ўзгаришлар, давлатимиз раҳбарининг ёшлар, маҳалла фаоллари, турли соҳа ходимлари билан мулоқотлари, суҳбатлари акс этган. Сиёсий фанлар доктори, профессор Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда тарих фанлари доктори, профессор Абдухалил Мавруловнинг “Маънавият – миллий мустақилликнинг энг ишончли пойдевори” мақоласида Ўзбекистон босиб ўтган 32 йиллик тараққиёт йўли таҳлил қилинган. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Маъмурахон Султонованинг “Тушимми ё ўнгим... ишонолмай қолдим” номли дил изҳорида ўқитувчи, устоз – мураббийга бўлган эътибор акс этган. Қишга тайёрларлик жойидами? Бу савол, айниқса, кейинги йиллар долзарб бўлиб қолмоқда. “Хавотирга ўрин йўқ. Мутасаддилар қиш мавсумига тайёргарлик яхши эканини таъкидлашмоқда” саҳифасида ана шу саволларга жавоб бор. “Ғалвир сувдан кўтариладиган палла”, “Шерхон бобо изларин излаб...” мақолалари долзарб мавзуларга бағишлангани билан эътиборли.
“Халқ сўзи”да эълон қилинган “Улуғ айём олдидан барча соҳаларда юксак натижалар қайд этилмоқда” саҳифаси давлатимиз раҳбарининг 29 август куни пойтахтдаги бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда ишга туширилаётган янги объектлар билан танишгани тўғрисида. Инсон қачон бахт аталмиш неъматни тугал ҳис эта бошлайди?.. “Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!” саҳифасида ана шу саволларга жавоб оласиз. Таниқли шоир, журналист Нуруллоҳ Остоновнинг Андижон вилоятининг олис қишлоқларидан бирида чўпон оиласида туғилган, 13 ёшидаёқ қўнғироқдек овози, бетакрор қўшиқлари билан халқимиз меҳрини қозонган, куни кеча “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган Санобар Раҳмонова ҳаёт ва ижод йўлига бағишланган “Юртимизнинг кўркам жамоли изланишларимга қанот” мақоласи қалбингизда болалик билан боғлиқ ажиб хотираларни уйғотади.
“Hurriyat” таниқли шоира Шарифа Салимованинг “Ватан, тупроғингга райҳонлар сепдим...” шеъри билан бошланади. “Эътироф, ишонч, раҳбат” саҳифаси истиқлол шодиёналари арафасида журналистлар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ҳамда киноижодкорлар ўртасида ўтказиб келинадиган “Энг улуғ, энг азиз” танлови Республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими тафсилотларига бағишланади. Газетада эълон қилинган “Айбсиз “айбдорлар”, “Болангиз билан нималар ҳақида гаплашаяпсиз?” мақолаларини, албатта, ўқинг. “Учрашув” рукнида берилган “Онам қаттиқ бетоб, лекин театрга бормасам бўлмас эди...” мақоласида Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимованинг саҳнадаги ва ҳақиқий ҳаёти ҳақида сиз билган ва билмаган ҳақиқатларга дуч келасиз. Раъно Холиқованинг шеърлари, Муҳаммад Валининг “Теорема” билан танишув” адабий мақоласида бугунги ҳаёт, ижод ҳақиқатлари акс этган.
“Maʼrifat” кўпчиликни қизиқтирадиган, муҳим ва долзарб мавзулар, таълим тизими билан боғлиқ масалаларни ёритишда давом этади. “Дарс тақсимоти – 3 ёхуд анъанавий август жанглари давом этади...” мақоласида таълим тизимидаги оғриқли масалаларидан бири таҳлил қилинган. “Чет эл саёҳатлари ўқитувчилар учун эмасми?” мақоласида ўқитувчиларга берилган “Таътилда қаерда бўлдингиз, қандай ҳордиқ чиқардингиз? Касаба уюшмалари томонидан бериладиган йўлланмалар сизга насиб этдими? Балки чет элда дам олиб қайтгандирсиз? Ёки уй ишлари билан банд бўлдингизми? каби саволларга жавоблар билан танишасиз. “Соғлом ҳаётга қайтган болажонлар”, “Ғалаба ва бахт – астойдил интилганники” каби мақолаларда бугунги таълим, унинг ютуқ ва муаммолари хусусида сўз боради..
Бугунги газеталарни ўқинг...
ЎзА