“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга сафарининг иккинчи куни – Фузулий шаҳрига ташрифи тафсилотлари кенг ёритилган. Шунингдек, газетада бир қанча таҳлилий мақолалар эълон қилинган. “Ҳар бир тадбиркор экспортчига айлана олади”, “32 ёшлилар закоси”, “Жанговар руҳ ва ҳарбий салоҳият”, “RVA тизими таълим муаммоларига ечим бўла оладими?, “Докторлик диссертациямнинг ярми сизники” каби мақолаларда яратилаётган имкониятлардан фойдаланиш, инсон ва жамият, эътироф, одамийлик ҳақида сўз боради.
“Халқ сўзи”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига сафарининг иккинчи кунига бағишланган “Ўзбекистон – Озарбайжон: дўстлик ва қардошлик алоқалари янада кенгаяди” саҳифаси эълон қилинган. “Икки давлат муносабатлари сифат жиҳатдан юқори босқичга чиқди” саҳифасида давлатимиз раҳбарининг Озарбайжонга ташрифи якунлари тўғрисида халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ўз аксини топган. “Замонавий тараққиёт мезонларига мос ривожланиш йўли”, “Кичик бизнес учун кенг имкониятлар”, “Қалжиқ – сайёҳлар учун жозибадор ҳудуд” каби мақолалар муҳим мавзуларга бағишлангани билан эътиборли.
“ХХI ASR” “Анна Герман Хоразмга “қайтди” мақоласи билан бошланади. Ёдингизда бўлса, гаезтанинг 3 август кунги сонида таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Анна Герман – Ургунчнинг ўгай қизи(ми?) сарлавҳали танқидий мақоласи эълон қилинган ва унда Ҳукумат раҳбари 2021 йил 3 майда имзолаган Урганч шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабига шу ерда туғилган таниқли польяк хонандаси Анна Герман номини бериш ва ҳовлисига ҳайкали ўрнатиш ҳақидаги чора-тадбирларда белгиланган вазифа ҳозиргача ижро қилинмаётгани ҳақида сўз борганди. Мақола эълон қилингач, орадан бир ҳафта ўтиб масала ижобий ҳал бўлди. “ХХI ASR”да чоп этилган мақолада кўтарилган масаланинг зудлик билан Хоразмда акс садо бериши ОАВ ҳар доим ҳукуматимиз эътиборида эканининг амалий исботидир. “Ичанқалъада қовун сайли”, “Халқчил сиёсат халқ ишончини оқлайди”, “Болаларга меҳр берсак...” каби саҳифалар ҳам ўқувчи эътиборини тортади.
“Ishonch”нинг бугунги сонида “Бухоро вилоятини аёллар жиноятчилигидан, Фарғона вилоятини аёллар ишсизлигидан холи ҳудудга айлантириш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди” номли мақола эълон қилинган. Унда шундай сўзлар бор: “Эндиликда ҳудудларда бириктирилган масъуллар “Аёллар дафтари”га қўшимча равишда хотин-қизлар орасидаги жиноятчилик ва ишсизликни бартараф этиш масалалари билан ҳам шуғулланади. Бу ҳақда Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди”. “7 минг 219 нафар педагогнинг таътил пули қайта ҳисобланди” мақоласи кишини ҳушёр торттиради. Нега энди қайта ҳисобланди, нима, ҳисобчилар ҳисобни яхши билмайдими ёки... деган савол хаёлингиздан кетмай қолади... Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ҳулкар Тўйманованинг “Миллат ғурурига муносабатимиз шуми?” мақоласи, шунингдек, “Тўй исрофгарчилик ва дабдабабозлик пойгаси эмас”, “Ахир, биз одаммиз-ку!..” каби муносабат – мақолалар муҳим ва долзарб мавзуга бағишлангани билан эътиборли.
“Kitob dunyosi” ранг-баранг саҳифалардан иборат. Газета Эрнест Хемингуэйнинг “Хабар ёзишни биладиган ижодкор роман ёзишни ҳам уддалайди” сўзлари билан бошланади. Тринадад ва табогалик адиб, Нобель мукофоти соҳиби Видия Найполнинг “Икки дунё” номли маърузаси, Озод Шарафиддиновнинг “Менинг танқидчи бўлганим”, Муҳаммад Раҳмон, Расмия Собир, Эдгар Аллан По, Нурмуҳаммад Аваз, Юлдуз Ўрмонованинг шеърлари, Эрнест Хемингуэй, Абдуқаюм Йўлдош, Райнер Мария Рилькенинг ҳикоялари, Альберт Эйнштейн ва Робиндронатҳ Тҳокурнинг суҳбати мутолаасидан руҳингиз қувват олади...
“Жамият”да жамият муаммолари акс этган. “Парвариш қанча барвақт бошланса меваси шунча тотли бўлади”, “Саҳна унинг ҳаёти эди”, “Бўш вақт – бебаҳо неъмат”, “Қатъият қатли”. “Онлайн – қимор: инқироз томон босилган қадам” мақолаларининг ҳар бири фойдали бир дарсдек таассурот қолдиради кишида...
“Qishloq hayoti”да эълон қилинган “Мингбулоқнинг Қизилқум маҳалласи кўркам қиёфа касб этмоқда”, “Масъулиятли мавсум аввалида семинар ташкил этилди”, “100 нафар қишлоқ аёли ишли бўлди”, “Уйингизда китоб жавони борми?”, “Беморларни зиёрат қилиш одоби” каби мақолаларда жойлардаги реал ҳаёт, деҳқончилик сир-синоатлари, инсон қадри ҳақида сўз боради.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА