Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
БУГУН: газеталарни варақлаганда...
10:05 / 2023-08-15

“Янги Ўзбекистон”да  эълон қилинган “Бугунги ёшлар кечаги ёшлар эмас” мақоласи эътиборли. Тараққиёт шиддати тобора ортиб, глобал таҳдидлар ва трансформация жараёни кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда давлатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ёш авлодни муносиб тарбиялаш ва ёшларга оид сиёсатни самарали юритишдир. Мақолада онги, дунёқараши, орзу-истаклари, талаблари ўзгараётган ёш авлод ҳақида сўз боради. “Халқимиз эҳтиёжи ва тараққиётига мос ёхуд аҳоли даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига қачон кирамиз?” саволи сизни ушбу номли мақолани диққат билан ўқишга мажбур қилади. “Қирқ тойли қишлоқ”, “Стандартга мувофиқлик тадбиркорга нима беради?”, “Ҳавасим келди сенга, болажон!”, “Лойиҳа мукаммал бўлса, иншоот мустаҳкам бўлади. Буни қурувчилар яхши англаб етмоғи зарур” каби мақолаларда бугунги жамият манзаралари, ҳушёрликка чорлов, даъват бор.

“Халқ сўзи”да мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим мақолалар эълон қилинган. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, Рим университети фахрий профессори, академик Бакриддин Зариповнинг “Ҳаётимизнинг маъно-мазмунига айланган буюк мақсад” мақоласи шулар жумласидан. Унда Янги Ўзбекистон ҳамда учинчи Ренессанс пойдевори инсонпарварлик ва илм-маърифат асосига қурилаётгани ҳақида сўз боради. Депутатлик корпуси олдида турган долзарб масалалар, озиқ-авқат хавфсизлигини таъминлаш,  АҚШда “Савдо уйи” очган ўзбекистонлик тадбиркор, цивилизациянинг қадимги ўчоқлари каби масалалар акс этган саҳифалар жиддий ва муҳим масалларга бағишлангани билан эътиборли.

“Ishonch”да эълон қилинган “Табибларнинг ўзи малҳамга муҳтож ёхуд Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимларининг додини ким эшитади?” номли мақолада ўртага ташланган савол Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларига қаратилган бўлса-да, газетхон эътиборини ҳам ўзига тортади. Бу биргина Жиззах шаҳри тиббиёт бирлашмаси доирасидаги муаммоми, бошқа жойларда аҳвол қандай? Мақола жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги ҳақида ҳам огоҳлантираётгандек. “Уриб” қолинган таътил пуллари”, “Кўмагингизни аяманг!” мақолалари ҳам эътиборли. Газета мухбири Гулруҳ Одашбоеванинг таниқли шоира Гулноз Мўминова билан “Қачон каттароқ қадам ташлашга одатланамиз? Ёхуд ҳозирги замон аёлларини нималар кўпроқ ташвишлантираётгани ҳақида” номли суҳбат ҳам қизиқ. Суҳбатдошлар ўқувчиларга юзланиб: ”Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти қачон қараманг, учи-қуйруғи йўқ, самарасиз баҳслар билан тўлиб-тошиб ётади. Биз қачон каттароқ мақсадлар ҳақида бош қотирамиз, қачон каттароқ масалаларни ўрганамиз, қачон каттароқ мавзуларда суҳбатлашамиз, баҳслашамиз?” дея мурожаат қилади... 

Бугунги газеталарни ўқинг.

ЎзА